Каттаев ва бошқа ҳаммуаллифлардан каттагина туҳфа: Самарқанд – буюк алломалар юрти

Буюк аждодларимиз қаламига мансуб асарлар жамланган “Қадимий китоблар таржимаси” тўплами Имом Насафийнинг “Ал-қанд фи тарихи Самарқанд”, Махдум Аъзам Даҳбедийнинг “Рисолаи Бобурия”, “Рисолаи танбият ус-салотин”, Яссавия-жаҳрия тариқати муршиди Олим Шайх Азизоннинг Яссавий тариқати ҳақидаги машҳур асари “Ламаҳот мин нафаҳотул-қудс” ва “Ақидаи исломияи Мотуридия” каби беш китобдан ташкил топган бўлиб, тўплам муаллифлар Комилхон Каттаев ва Гулноза Каттаевалар томонидан халқаро ва республика илмий-амалий анжуманлар муносабати билан таржима қилиниб чоп этилди.

“Ал-қанд фи тарихий Самарқанд” асари Самарқанд тарихи тўғрисида бизгача етиб келган асарларнинг энг қадимийларидан бўлиб, Шоҳизинда – Қусам ибн Аббос, Мотуридий, Марғиноний, Ҳамадоний, Соғаржий, Абди Дарун каби буюк алломалар ҳамда улар дафн этилган қабристонлар тарихи хусусида маълумот беради. “Рисолаи Бобурия” китоби эса буюк саркарда ва шоир Бобур Мирзонинг пиру муршиди Махдуми Аъзам томонидан ёзилган рисола бўлиб, унда турли тариқатларда амалга ошириладиган зикр масаласи ҳақида мушоҳада юритилган.

У кишининг бошқа бир асари “Танбиятус-салотин” ҳам султонларга панду насиҳатлардан иборат бўлиб, уларни халқ манфаати йўлида хизмат қилишга бағишланган. “Ламаҳот мин нафаҳотул-қудс” асари эса Яссавий тариқати зикри ҳамда машҳур алломалар зикрига аталган. “Ақидаи исломияи Мотуридия” аҳли сунна ва жамоа ақидасини тиклаган ҳамда калом илми, “Мотуридия” равиясининг асосчиси юртошимиз Имом Мотуридийнинг ақидалари асосида Мунаввар Қори томонидан тузилган “Ақидаи исломия” китобининг таржимаси бўлиб, унда барча мусулмонлар билиши лозим бўлган энг асосий ақидалар жамланган. Ўз даврида Имом Мотуридий ислом ақидаларига оид “Ат-Тавҳид”, “Ат-таъвилоти аҳли сунна” асарлари орқали ислом юртларида авж олган ақидачилик ва фирқачилик урушларининг олдини олган эди. Ушбу рисола Имомнинг юқорида номлари келтирилган икки асари асосидаги ақидалар жамланмасидир.

Ушбу тўплам тариқатлар тарихи билан шуғулланувчи мутахассис ва тадқиқотчилар ҳамда барча китобхонлар оммасига мўлжалланганлиги билан аҳамиятлидир.

Юқоридаги нашр муаллифларининг яна бир диққатга сазовор ишлари “Буюк ҳуқуқшунос алломалар” тўплами бўлиб, бу жамланмага киритилган китоблар ислом тарихидаги илк илм-фан йўналишлари ҳисобланган фиқҳ, тафсир, ҳадис ва калом илмларининг юртимизда етишиб чиққан буюк алломалар томонидан ривожлантирилиши, асосланиши ва шаклланиши тарихига бағишланган.

Асар ҳадисшунослик илмининг буюк асосчилари Имом Бухорий ва Имом Дорамий, калом илми асосчиси Имом Мотуридий, ҳикмат илми асосчиси Абулқосим Самарқандий, фиқҳшунослик илмининг буюк олимлари Имом Растуғфоний, Имом Абу Лайсий, Имом Али Суғдий, Имом Ҳалвоий, Имом Абу Муъин Насафий, Имом Бурҳониддин Марғиноний каби алломалар тарихи манбалар асосида ёритилган.

Маълумки, Саййид Ота Яссавия-жаҳрия тариқатининг буюк пиру муршидларидан бири бўлган. У ҳақида юртимизда бир туркум рисолалар эълон қилинган бўлиб, “Саййид Ота ва Яссавий тариқати муршидлари тарихи” номли рисола эса шу ҳақдаги илк монографик тадқиқотлардан биридир. Рисола давлат ва шахсий архивларда мавжуд манбалардан фойдаланган ҳолда Комилхон Каттаев томонидан ёзилган.

Ушбу китобларнинг барчаси Тошкент шаҳридаги “Qaqnus” нашриётида чоп этилган.

Самарқанд тарихи ҳақида тарихчилар турли даврларда кўплаб китоблар битишган. Шаҳарнинг вужудга келиши ва Самарқанд номининг келиб чиқиши ҳақида тарихий асарларда турлича тахминлар айтилган. Хусусан, бу ҳақда бизгача етиб келган ишончли манбалардан бири Абу Хофс Нажмиддин Умар ан-Насафий ас-Самарқандийнинг “Қандия” асаридир. Ушбу рисолани Абул Ҳакими Самарқандий қадимий нусхалардан жамлаган ҳолда 1908 йилда Самарқандда чоп эттирган. Унинг бугунги форс тилидан таржима нашри Комилхон Каттаев томонидан қўшимча тадқиқот, изоҳ ва луғатлар билан тўлдирилган ҳолда Самарқанддаги “Суғдиёна” нашриётида чоп этилди.

Китобда Шоҳизинда, Хўжа Абди Дарун, Юсуф Ҳамадоний, Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний, Шайх Нуриддин Басир, Шайх Бурҳониддин Соғаржий, Амир Темур каби Самарқандда яшаган ёки шу ерда фаолият юритган алломалар тарихи баён этилган.

Ўтмиш буюк алломаларнинг аксарияти Самарқанд шаҳри ва ундаги Чокардиза қабристонида дафн этилган, айримлари эса вилоятимизнинг турли жойларида сўнгги манзилида қўним топган. Дунё миқёсида энг улуғ олимларни “энг буюк имомлар”, дейиш жоиз бўлиб, улар меросини дунё илм аҳли тизимли асосда ўрганмоқда. Ушбу буюк зотларнинг сўнгги манзили Самарқанд заминидадир.

“Юртимизнинг ўта буюк алломалари, Имом Али Суғдий ва Кумушкент тарихи” номли рисолада буюк ҳуқуқшунос, фақеҳ Ҳанафия мазҳаби раёсати раиси, рукнул ислом (ислом устуни) Имом Али Суғдий ас-Самарқандийнинг тарихига бағишланган монографик асардир.

Асарда кўпчилик илм аҳлига номаълум бўлган алломанинг ҳаёти ва фаолияти, асосан у кишининг қабржойлари манбалар асосида тадқиқ этишга қаратилган. Рисола Комилхон Каттаев томонидан алломанинг 950 йиллигига бағишлаб Тошкент шаҳридаги “Наврўз” нашриётида чоп этилди.

Тарихдан маълумки, мутафаккир шоир, темурийзода Заҳириддин Муҳаммад Бобур замондоши, Нақшбандия тариқатининг буюк назариётчи олими Маҳдуми Аъзам Даҳбедийни ўзига пир билган. Улар ўртасидаги илмий ёзишмалар натижасида кейинчалик катта бир илмий асарлар вужудга келган. Хусусан, Маҳдуми Аъзам Бобурмирзога атаб “Рисолаи Бобурийя” асарини битган. Ушбу рисола ўз даврида Нақшбандия ва Яссавия тариқатларига доир долзарб масалаларни ўрганишда катта аҳамият касб этган. Рисола Бобур ва унинг фалсафий фикрларини ўрганишда ҳам қимматга эга. Ушбу асарни форсийдан таржимаси Комилхон Каттаев ва Маҳмуд Ҳасаний ҳаммуаллифлигида нашрга тайёрланди. Ушбу китоб ҳам “Наврўз” нашриётида босмадан чиқди.

Юқорида номлари санаб ўтилган тўплам ва монографиялар ва уларда тадқиқ этилган мавзу ҳамда манбалардан кўриниб турибдики, муаллифлар ушбу китобларни нашрга тайёрлашда салмоқли меҳнат қилган. Хусусан, Самарқанднинг энг буюк алломалари ҳаёти ва фаолияти ҳамда уларнинг сўнгги манзилларини аниқлашда ишончли манбалардан фойдалангани диққатга сазовор.

Муаллифнинг ҳам заҳматли, ҳам шарафли бу тадқиқотларидан “Зарафшон” газетаси муштарийлари бироз бўлса-да хабардор, албатта. “Юртимизнинг ўта буюк алломалари, Имом Али Суғдий ва Кумушкент тарихи” китобидан ўрин олган алломалар ҳаёти ва фаолияти бўйича тадқиқотлар газетамизнинг қатор сонларида чоп қилинган эди. 

Умид қиламизки, буюк аждодларимизнинг қолдирган маънавий меросини шу пайтгача номаълум бўлган саҳифаларини очишда Комилхон Каттаев ва бошқа ҳаммуаллифларнинг изланишлари буюк меросимизни танишимизда асқотади. Қолаверса, тарихимизнинг бу каби энг муҳим қисмини ўрганишга бел боғлаган ёш тадқиқотчиларга қимматли манба бўлиб хизмат қилади.

Сулаймон МАРДИЕВ.