“Каттақўрғон” полигонида артиллерия снаряди синовдан ўтказилди (видео)
Марказий ҳарбий округга қарашли, Ўзбекистондаги биринчи рақамли “Каттақўрғон” полигонида Хитой Халқ Республикаси билан тинчлик йўлидаги халқаро ҳарбий ҳамкорлик доирасида харид қилинган артиллерия снаряди синовдан ўтказилди. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати маълум қилди.
Мудофаа вазирлиги ва Марказий ҳарбий округ раҳбарияти ҳамда артиллерия бўлинмалари томонидан 122 мм. ва 152 мм.ли “PL66-1” маркали, таснифига кўра, осколкали фугасли снаряд қўлланилган. Д-20 ва Д-30 артиллерия қуролларидан 20 донадан отилган снаряднинг келгусида Ўзбекистон Қуролли Кучлари таркибидаги артиллерия бўлинмалари қуроллари учун ўқ-дори сифатида қўллаш самарадорлиги текширилди.
Биринчи маротаба Мудофаа вазирининг ташаббуси билан “Мен ғолиб” шиори остида ўтказилаётган 12 мутахассислик бўйича мусобақанинг 7 йўналиши айнан артиллерия бўлинмаларига тегишли. Ҳозирги кунда артиллерия бўлинмаларини янги турдаги қурол-аслаҳа ва ўқ-дорилар билан таъминлаш чоралари кўриляпти.
Шунингдек, артиллерия мутахассислиги бўйича малакали кадрларни тайёрлашда устоз-шогирд анъаналари жорий қилиниб, назарий билим ва амалий кўникмани оширишда ҳар бир дала ўқув майдонида намунали “Энг илғор артиллерия мутахассиси йўлаги” барпо этилди.
Кеча, 29 июль куни Мудофаа вазирлиги миқёсида ўтказилган видеоселекторда Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Айбек Саидов томонидан Ўзбекистонда ягона артиллерия ва авиация машғулотлари ўтказиладиган “Каттақўрғон” полигонидаги синов натижалари ҳамда мутахассисликлар бўйича мусобақанинг округ босқичи якунлари ҳақидаги маърузаси тингланди.