Каттақўрғон шаҳар ИИБнинг янги маъмурий биноси фойдаланишга топширилди
Бугун вилоятимизнинг ҳар бир ҳудудида қурилиш, бунёдкорлик ишлари авжида. Эски бинолар қайта таъмирланиб, янгилари барпо этилиб ҳудудлар кун сайин кўркамлашмоқда.
Каттақўрғон шаҳар ички ишлар бўлими маъмурий биносининг очилиш маросими ҳам ана шундай бунёдкорликларнинг самараси бўлди.
Мазкур иншоотнинг фойдаланишга топширилиш маросимида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Раҳмат Маматов, шаҳар ҳокими, кенг жамоатчилик вакиллари, соҳа ходимлари, фахрийлар иштирок этди ва ички ишлар идоралари ходимлари ва бу ерга келувчилар учун яратилган шарт-шароит ва қулайликлар билан танишди.
Тадбир доирасида Р.Маматов давлатимиз раҳбари томонидан ички ишлар соҳасига қаратилаётган эътибор ва унинг равнақи йўлида босқичма-босқич амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтди. Хусусан, мазкур бино барча замонавий талабларга жавоб бера оладиган тарзда бунёд этилганини алоҳида таъкидлади.
Бинода жамоат хавфсизлиги бўлими, спорт зал, ходимларга психологик хизмат кўрсатиш хонаси, кутубхона, ўқув хонаси, маънавият-маърифат хонаси, ватанпарварлик бурчаги жой олган.
Тадбир доирасида бинонинг қад ростлашида ҳисса қўшган қурувчилар меҳнати эътироф этилди.