Каттақўрғон тумани ҳокимлиги фуқароларнинг уйини бузиб ташламоқчи бўлгани ҳақидаги хабарга муносабат билдирди

Ижтимоий тармоқларда "Туман ҳокимлиги бизни ва маҳалламиздаги яна бир қанча уйларни бузиб ташламоқчи. Кеча келиб, уйдаги нарсаларимизни кўчага чиқартириб юборишди. Энди яна келиб, уйни ҳам бузиб кетишар экан. Пулим етмаганлиги сабабли кадастр ҳужжатларим чала қилинган. Айбимиз камбағаллигимизми?” деган мазмундаги  пост эълон қилинди.

Ушбу пост бўйича Каттақўрғонда тумани ҳокимлиги муносабат билдирди.

Халқ депутатлари Кенгашининг 2020 йил 15 январдаги 01/11-сонли қарорининг 4-бандида туман ҳудудида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун барча ердан фойдаланувчилар ер майдонларида, жумладан, пахта-ғаллачилик, лалмикор ғаллачилик, чорвачилик, балиқчилик, боғдорчилик, узумчилик, сабзавотчилик, паррандачилик, асаларичилик фермер хўжаликларида мониторинг ўтказиш, аҳоли пунктлари ҳудудларидаги уй-жой ва нотурар объектларининг кадастр ҳужжатларини белгиланган низом асосида расмийлаштириш, мониторинг жараёнида аниқланган ноқонуний ҳолатлар бўйича тезкор ва аниқ маълумотлар бўйича тегишли чора кўриш туман ҳокимлиги ҳамда туман ер ресурслари ва давлат кадастр бўлимининг зиммасига юклатилган.

Кенгашнинг юқорида кўрсатилган қарори ижроси юзасидан туманнинг "Каттақўрғон чорвачилик" массивида ўтказилган текшириш натижалари бўйича аниқланган ноқонуний ҳолатлар юзасидан Ер кодексининг 85-моддаси тартибида туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими томонидан 2020 йил 3 июндаги 489-сонли тақдимнома туман ҳокимлигига киритилган. Тўпланган ҳужжатлар мутахассислар томонидан атрофлича ўрганиб чиқилиб, амалдаги қонунчилик талаблари бўйича материаллар юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судига 2020 йил 22 июльда даъво аризаси киритилган.

Судга тақдим қилинган ҳужжатларда жавобгар Суюнова Мавжуда Элибоевна туман захираси ҳисобидаги, туманнинг “Каттақўрғон чорвачилик” массиви 395-контуридаги 0,12 га. ер майдонини ҳеч бир ҳуқуқий асосларсиз, ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, ушбу ер майдонининг 92,30 квадрат метр қисмида ноқонуний равишда уй-жой қурганлиги, шунингдек, жавобгар Шаропова Розия Ташпўлатовна туман захираси ҳисобидаги туманнинг “Каттақўрғон чорвачилик” массиви 395-контуридаги 0,08 га. ер майдонни ҳеч бир ҳуқуқий асосларсиз ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, ушбу ер майдонининг 43,0 квадрат метр қисмида ноқонуний равишда уй-жой қурганлиги ҳамда ушбу ноқонуний ҳолатларни жавобгарларнинг ҳисобидан бартараф этиш кўрсатилган.

Мазкур фуқаролик ишлари ҳозирги кунда судда кўриб чиқилмоқда ва якуний хулоса суднинг қароридан сўнг маълум бўлади.

Жавобгарлар М.Суюнова ва Р.Шароповаларга уйлари бузилиши юзасидан туман  ҳокимлиги ёки тумандаги бошқа ташкилотлардан бирор-бир киши бориб, уларнинг уйлари бузилиши юзасидан учрашмаган. Фақатгина, Суҳроб Мирзаев томонидан қурилган ноқонуний қурилиш унинг ўзи томонидан бузиб ташланган.

Видеолавҳада бузилган қурилма С.Мирзаевга тегишли бўлиб, ҳозирда ушбу жойни қонун талаблари бўйича расмийлаштириш жараёни олиб борилмоқда.