Каттақўрғон туманида 228 нафар фуқаронинг мурожаати ечимини топди, 23 нафар фуқаро ишга жойлашди

Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов аҳоли билан яқиндан мулоқотда бўлиш, уларнинг муаммоларига ечим топиш мақсадида Каттақўрғон туманидаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида сайёр қабул ўтказди. 
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, сайёр қабул давомида  228 нафар фуқароларнинг мурожаатлари кўриб чиқилди. Барча масалалар бирма-бир тингланиб, уларнинг ечими юзасидан масъуллар бириктирилди. Мурожаатларнинг аксариятини электр таъминоти, йўл, тиббий хизмат кўрсатиш масалалари ташкил этди.

- Туғма ногиронлигим бор, - дейди Каттақўрғон шаҳридан қабулда иштирок этган Рустам Мўминов. – Ногиронлик аравачасига эҳтиёжим борлиги туфайли бир неча бор Каттақўрғон шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилган эдим. Муаммо ечим топмади. Бугун вилоят ҳокимининг ғамхўрлиги туфайли ногиронлик аравачаси билан таъминландим. Бунинг учун вилоят ҳокимидан, Каттақўрғон туман ҳокимидан чексиз миннатдорман. 

Шунингдек, қабул чоғида ҳудудда меҳнат ярмаркаси ўтказилиб, фуқароларга тумандаги 55 та корхонада мавжуд 399 та бўш иш ўринлари таклиф этилди. 23 нафар фуқароларга ишга жойлашиш учун йўлланмалар берилди.
Туман давлат хизматлари маркази ходимлари эса шу ернинг ўзида 112 нафар фуқарога турли давлат хизматларини кўрсатди. Жумладан, 15 нафар фуқаронинг ўзбошимчалик билан қурилган тураржой биносига эгалик ҳуқуқи тасдиқланди.
 
Эслатиб ўтамиз: Эркинжон Турдимов 30 март куни Қўшработ туманида оммавий сайёр қабул ўтказиши кўзда тутилган.