Каттақўрғонда 16 нафар ишчига берилмаган 179 миллион сўмлик иш ҳақлари суд тартибида ундириладиган бўлди

Каттақўрғон шаҳар адлия бўлими бошлиғи Фарҳод Зарифовга кўра, мазкур ишчилар “Таъмирлаш тиклаш хизмати” ДУКда ишлаган. Уларнинг ололмаётган меҳнат ҳақи юзасидан адлия бўлимига корхона ҳисобчиси мурожаат қилган.

Мазкур мурожаатни ўрганиш жараёнида бош ҳисобчи билан биргаликда корхонанинг жами 16 нафар ходимига 179.944.884 сўм миқдоридаги иш ҳақлари тўланмасдан келинганлиги аниқланган ва адлия бўлими томонидан фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судига ариза киритилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг 2021 йил 14 октябрдаги суд буйруғига асосан “Таъмирлаш тиклаш хизмати” ДУК Каттақўрғон шаҳар филиалининг зиммасига корхонанинг 16 нафар ходимига жами 179.944.884 сўм миқдоридаги иш ҳақларини тўлаб бериш мажбурияти юклатилди.