Каттақўрғонда ер ажратиш масаласини ҳал қилиб бериш учун 30 минг доллар талаб қилган шахс ушланди

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан туманда ўтказилган тезкор тадбир натижасида ер майдонини расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, пул талаб қилган шахс қўлга олинди.

Аниқланишича, фуқаро А.Қ. ариза муаллифи Л.К.га Каттақўрғон туманидаги Навбаҳор маҳалласи ҳудудида жойлашган, туман ҳокимлиги захирасида бўлган 5 гектар ер майдонини таниш мансабдор шахслар орқали аукционга чиқариб, унинг номига расмийлаштириб беришини айтган. Бунинг эвазига у 30 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Тезкор тадбир давомида А.Қ. келишилган маблағнинг бир қисми сифатида 5 минг АҚШ долларини аванс тариқасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Каттақўрғон шаҳар бўлими томонидан Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси 4-қисми ҳамда 28, 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Ҳозирда иш бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.