Каттақўрғонда ноёб жонивор —олакўзан ҳаёти сақлаб қолинди
Вилоят экология бошқармаси хабарига кўра, Каттақўрғон тумани Полвонтепа маҳалласида яшовчи Н.Бобоев 4 сентябрь куни кечки пайт ишдан қайтаётиб номаълум митти жониворга дуч келади.
Унинг юролмаётганини билгач, уйига олиб келади ва туман экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши инспекцияси давлат инспекторларига мурожаат қилади.
Давлат инспекторлари бориб ўрганганда ушбу жонивор Ўзбекистон «Қизил китоби»га киритилган олакўзан эканлиги маълум бўлди ва ушбу жонивор аҳволи қониқарли ҳолатда қабул қилиб олинади.
Маълумот учун, олакўзан қишлоқ хўжалиги мақсадида ерларнинг ўзлаштирилиши ортидан кескин камайган. Мирзачўл, Қарши чўлининг катта қисми ва Туркистон тоғининг ёнбағирларида ушбу тур жониворлар йўқолиб кетган. Мамлакатимиздаги тахминий сони 5 мингта атрофида.
Ушбу жонивор бошқарма масъуллари кўмагида махсус тиббий кўрикдан ўтказилиб, Зарафшон миллий табиат боғида яшаш учун қулай ҳисобланган ҳудудга келтирилиб, табиат қўйнига қайтарилган.
Худди шундай, турли сабабларга кўра Зарафшон миллий табиат боғи реабилитация марказида назоратда бўлган кичик қирғий ва ҳаққуши ҳам табиат қўйнига қўйиб юборилган.