Кимлар имтиёз асосида ўқишга қабул қилинади?

Олий таълим муассасаларига киришда бериладиган имтиёзларнинг турлари ҳам, шакллари ҳам ҳар хил: баъзилари давлат гранти учун берилса, баъзилари шартнома учун, сиртқи таълим ёки исталган таълим шаклига берилади.

2022 йил 11 май куни “Давлат бошқаруви соҳасида коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш механизмларини такомиллаштириш ва ушбу соҳада жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди. Ушбу қарор билан тасдиқланган коррупцияга мойил муносабатларни бартараф этиш бўйича чоралар дастурида олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун бериладиган имтиёзлар рўйхати ягона ҳужжатда шакллантирилиши ҳамда ушбу имтиёзларни умумий квотага киритмаслик тўғрисидаги қоида белгиланади.

Ҳозиргача ҳам қатор имтиёзлар, масалан, ҳарбий қисм тавсияномасига эга бўлганлар учун умумий квотадан ташқари ўринлар ажратилаётган эди. Жумладан, Зулфия давлат мукофоти соҳибалари учун ҳам қўшимча грант ўринлари ажратилиши бошланган.

Ўқишга киришга алоҳида имкониятлар берувчи имтиёзларни қуйидагича гуруҳлаш мумкин:

  • имтиҳонсиз, қўшимча давлат гранти асосида ўқишга киришга асос бўлувчи;
  • имтиҳонсиз, контракт асосида ўқишга киришга асос бўлувчи;
  • фақат бир фан имтиҳонидан озод этишга асос бўлувчи;
  • тўпланган баллга қўшимча балл қўшиб берувчи;
  • алоҳида квота доирасида имтиҳонда иштирок этишга асос бўлувчи имтиёзлар.

Санаб ўтилган имтиёзлар бир-биридан фарқ қилади. Бироқ даражаси турлича бўлса ҳам, улар оддий тартибда ҳужжат топширган абитуриентларга нисбатан анча кўпроқ имкониятга эгаликни англатади.

Имтиҳонсиз, қўшимча грант асосида талаба бўлувчилар:

  • ҳарбий қисм қўмондонлиги ва Ёшлар иттифоқининг тавсияномаси билан ҳар бир ҳарбий қисмдан бир нафардан ёш ҳарбий хизматчи;
  • хизмат вазифасини бажариш пайти ҳалок бўлган ёки ногирон бўлиб қолган Қуролли Кучлар таркибидаги ташкилотлар ҳарбий хизматчилари ва Миллий гвардия ходимлари, ички ишлар тизими ходимларининг фарзандлари;
  • Олимпия, Параолимпия, Осиё ва Параосиё ўйинлари, жаҳон чемпионатларида охирги 3 йилда ғолиб бўлган спортчилар;
  • Зулфия мукофоти, “Мард ўғлон” мукофоти совриндорлари;
  • “Ниҳол” мукофоти соҳиблари;
  • Маданият вазирлигининг “Халқ чолғулари ижрочилари”, “Миллий рақс ижрочилари” ва “Ёш мақом ижрочилари” танловининг бир нафардан ғолиблари;
  • “Тарбиячи”, “Ҳамшира” республика танлови ғолиблари;
  • Ёшлар иттифоқи фаоллари тавсиянома асосида ҳудудий ОТМларнинг педагогика йўналишларига грантга кирадиганлар;
  • халқаро фан олимпиадалари ғолиблари;
  • Президент мактаби битирувчилари.

Имтиҳонсиз, контракт асосида ўқишга қабул қилинадиганлар:

  • Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослашган мактаб битирувчилари кимё, биология, физика ва АКТ соҳаларига қабул қилинади;
  • Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ижод мактаблари битирувчилари.

Фақат бир фан имтиҳонидан озод этиб, балл берувчи имтиёзлар:

  • республика фан олимпиадаларининг 1-3-ўрин соҳибларига ғолиб бўлган фани бўйича максимал балл берилади;
  • чет тили бўйича белгиланган даражадаги халқаро ва миллий сертификатга эга абитуриентлар учун шу фандан максимал балл берилади;
  • тасвирий, амалий санъат ва дизайн йўналиши бўйича республика ва халқаро танловлар ғолиблари мутахассислик фанидан максимал балл олади;
  • “Болалар спорт ўйинлари”нинг ғолибларига белгиланган фан бўйича максимал балл берилади;
  • умумтаълим фанлари бўйича сертификатга эга абитуриентларга сертификатдаги балига мос пропорционал балл берилади.

Тўпланган баллга қўшимча балл берадиган имтиёзлар:

  • “Темурбеклар мактаби” битирувчиларига ҳарбий йўналишлар учун ўзлари тўплаган балга 30 фоиз, бошқа ОТМларга топширганда 15 фоиз миқдорда қўшимча балл берилади.

Қўшимча квота доирасида танловда қатнашиш учун асос бўлувчи имтиёзлар:

  • Навоий вилоятининг олис чўл ҳудудларида камида 3 йилдан бери яшаб келаётган абитуриентлар Навоий, Бухоро, Самарқанд вилоятларидаги ОТМларга ҳудудда 4 йил ишлаб бериш шарти билан грант асосида олинади;
  • Узун тумани Боботоғ ҳудудидаги ёшлар учун Сурхондарё вилояти ОТМларининг педагогика ва тиббиёт йўналишларига қўшимча грант асосида квота ажратилади;
  • Қуролли кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар ҳарбий хизматчиларининг фарзандлари қўшимча 5 фоиз, Миллий гвардия ходимларининг фарзандлари қўшимча 2 фоиз, Божхона хизмати ходимларининг фарзандлари эса қўшимча 2 фоизли квота асосида танловда иштирок этади;
  • ички ишлар органлари ходимларининг фарзандлари учун алоҳида 3 фоизли квота ажратилади, уларга бу квота доирасида танловда қатнашиш учун 3 йилга амал қилувчи сертификат берилади;
  • ногиронлиги бўлган шахслар учун 2 фоизли квота ажратилади;
  • меҳрибонлик уйлари битирувчилари бўлган чин етимларга ва болалар шаҳарчаси тарбияланувчиларига 1 фоизли квота ажратилади;
  • ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар учун 4 фоизли квота ажратилади;
  • ўрмончилар ва уларнинг фарзандларига ОТМларнинг тегишли йўналишлари учун қўшимча 20 фоизлик квота ажратилади;
  • фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари тавсиянома асосида “Ижтимоий иш” йўналишига тўлов-контракт асосида қўшимча қабул кўрсаткичлари доирасида қабул қилинади;
  • ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномасига эга абитуриентлар ўзлари танлаган биринчи йўналиши бўйича танловда иштирок этади;

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 3 декабрдаги “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб олий маълумотга эга бўлмаган ҳоким ёрдамчилари давлат ОТМларининг иқтисодий таълим йўналишларига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг тавсиясига кўра давлат гранти асосида сиртқи таълим шаклига суҳбат асосида ўқишга қабул қилинади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 ноябрдаги “Иқтисодиёт тармоқларида камида беш йил иш стажига эга бўлган фуқароларни сиртқи ва кечки таълим шаклига суҳбат натижаларига кўра табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 675-сон қарорига кўра, иқтисодиёт тармоқларида ишлаётган камида 5 йиллик стажга эга бўлган фуқаролар тегишли тавсиянома билан суҳбат асосида мос ОТМларга табақалаштирилган тўлов-контракт асосида қабул қилинади.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, мазкур имтиёзларни бериш ёки бекор қилиш Давлат тест маркази ваколатига кирмайди. Имтиёзларни бериш ваколатига эга вазирлик, қўмиталар томонидан уларнинг реестри юритилиб, Давлат тест маркази маълумотлар базасига юборилади. Давлат тест маркази мазкур реестрлардаги маълумотлар асосида кириш имтиҳонларида иштирок этган абитуриентларга келтирилган ҳужжатлари бўйича имтиёзлар қўлланилишини амалга оширади.

Воҳид Сирлибоев,

Давлат тест маркази вилоят бўлими бошлиғи.