Кино – мерос сақловчи восита

“Буюк аждодлар мероси – Учинчи Ренессанс асоси” VIII халқаро конгресси доирасидаги ўтказилаётган маданий меросни сақлашда кино ва медианинг ўрнига бағишланган ТУРКСОЙ халқаро форуми бугун “Кино – мерос сақловчи сифатида: маданий лойиҳалар ва ташаббуслар тақдимоти” билан ўз ишини давом эттирди.

Дастлаб иштирокчилар учун Ислом цивилизацияси маркази мультимедиа блоки учун тайёрланган “Араб тили эволюцияси”, “Масжид”, “Сеҳрли кўза”, “Бақтрия тарихи”, “Клавихо”, “Худойберган Девонов ва немис меннонитлари”, “Мухтор Авезов” видеороликлар туркуми лойиҳалари, шунингдек “Ўзбекистон маданий мероси” туркумига оид ҳужжатли фильмлар тақдимотлари ўтказилди.

Куннинг иккинчи ярмида туркий тилли давлатлар ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлашда ОАВнинг ўрни, унинг маданий меросга таъсири, туризм ва миллий брендингни ривожлантириш, туркий дунё мамлакатлари кино ва ОАВ учун ягона платформа яратиш масалалари муҳокама қилинади.

Форум якунлари бўйича туркий дунё давлатларининг ягона кино-медиа платформасини яратиш тўғрисидаги меморандум имзоланиши кўзда тутилган.