“Кластерни фермер танлайди, бироқ бу қарздорликни келтириб чиқариш эвазига бўлмаслиги керак”: Кластер фермерлар шикоятидаги важларга қўшилмаслигини айтмоқда

Шу йил 8 январь куни сайтимизда Пайариқ туманидаги “Давлатбек нурли замини” фермер хўжалиги бошлиғи Фарҳод Сайдиевнинг “Фермер кластерни танлайдими ёки кластер фермерними?” сарлавҳаси остида мурожаати эълон қилинган эди.

Унда кўтарилган муаммо ва масалалар ечими юзасидан тумандаги фермерлар фаолиятига алоқадор мутасадди ташкилотлар жавоб хати йўллади.

Жумладан, туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Р.Холбўтаев ва Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши туман бўлими раиси А.Валиев имзоси билан келган хатда фермер Фарҳод Сайдиев ва бошқа фермерлар бундан олдин ҳам бир неча бор туман, вилоят ҳокимлиги ва бошқа юқори турувчи органларга мурожаат йўллаганини баён этган.

Тумандаги 62 та фермер хўжалиги “Каттақўрғон кластер” МЧЖ билан икки томонлама шартнома тузиб, 2022 йил пахта ҳосили учун кузги шудгорлашга талаб этиладиган ёқилғи ва фосфорли минерал ўғитлар учун 2255  млн. сўмлик маҳсулотлар олган. Ушбу фермер хўжаликларининг 44 таси эса тумандаги “Пайариқ кластер” МЧЖдан 166  млн. сўмлик ёқилғи мойлаш маҳсулотларини олган. Шу жумладан, “Қирқсайдов агро” фермер хўжалиги “Каттақўрғон кластер” МЧЖдан 70  млн. сўмлик, “Пайариқ кластер” МЧЖдан 5,1 млн. сўмлик, “Музаффар Синдаров замин даласи” фермер хўжалиги “Каттақўрғон кластер” МЧЖдан 159,9 млн. сўмлик, “Пайариқ кластер” МЧЖдан 4,9 млн. сўмлик, “Тиркашев Шуҳрат боғлари” фермер хўжалиги “Каттақўрғон кластер” МЧЖдан 99,5 млн. сўмлик, “Пайариқ кластер” МЧЖдан 8,9 млн. сўмлик ва “Умид Хўжанов пахта далалари” фермер хўжалиги “Каттақўрғон кластер” МЧЖдан 44,5 млн. сўмлик, “Пайариқ кластер” МЧЖдан 3,8 млн. сўмлик маҳсулотлар олгани аниқланди.

Бугунги кунда ушбу фермер хўжаликларининг солиқ олдидаги қарздорлиги 2135,4 млн. сўм, банк имтиёзли кредитларидан жами 7720,7 млн. сўм, шундан қарздорлик пахта имтиёзли кредитидан 5469,9 млн. сўм ва ғалла имтиёли кредитидан 2250,8 млн. сўмни ташкил этмоқда.

Бундан ташқари, Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2021 йил 25 декабрдаги 03/29-06/128-сонли хатида “Каттақўрғон кластер” МЧЖнинг келгусидаги фаолиятини тўхтатиш тўғрисида таклифи берилган”, дейилади.

Шунингдек, тумандаги "Пайариқ кластер" МЧЖ раиси Ҳ.Мамасидиқов жавобида қуйидагиларни ёзган: “2020 йилда ташкил этилган корхонамиз фақат пахта тўқимачилик йўналишида фаолият олиб боради. Жамиятимиз 2021 йил пахта хом ашёси етиштириш учун тумандаги 410 та фермер хўжаликлари билан фьючерс шартномаси имзолаган. Шунга асосан фермерларга пахта хом ашёсини етиштириш учун ёқилғи-мойлаш материаллари, минерал ўғит, техника хизмати, сув насослари ва бошқа инвентарларга 22,7 млрд. сўм, пахта хом ашёсини териб олиш учун 20,7 млрд. сўм, якуний ҳисоб-китобларга кўра 80 млрд. сўм ресурс маблағ тўлаб берилган. Бугунги кунга келиб тумандаги фермер хўжаликларига пахта хом ашёси хариди учун тўловлар тўлиқ амалга оширилган. Ҳозирда жамиятимиз билан 2022 йил пахта ҳосилини етиштириш учун фьючерс шартномасини тузган тумандаги 291 та фермер хўжаликларига кузги шудгорлаш ишлари учун ёқилғи, иш ҳақи ва техника хизматлари учун 7,39 млрд. сўм пул маблағи тўлаб берилган.

"Каттақўрғон кластер" МЧЖ билан 2022 йил пахта ҳосилини етиштириш учун фьючерс шартномасини тузган тумандаги 103 та фермер хўжаликларига 2021 йил пахта ҳосилини етиштириш учун бизнинг кластер корхонамиз жами 24,1 млрд. сўм миқдорида ресурс маблағлари ажратган. Шундан 5,9 млрд. сўм ёқилғи ва минерал ўғитларга, 4,3 млрд. сўм терим пуллари ва якуний ҳисоб-китоблар учун 13,8 млрд. сўм берилган. Лекин ушбу фермер хўжаликлари пахта ҳосилини етиштириш бўйича шартномавий мажбуриятни 52,3 фоизга бажарган бўлиб, уларнинг "Пайариқ кластер" МЧЖ олдидаги қарзи 598,3 млн. сўмни ташкил қилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 ноябрдаги "Пахта тўқимачилик кластерлари фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 декабрдаги "Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида"ги Қарори билан ҳудудлардаги фермер хўжаликлари пахта хомашёсини етказиб бериш бўйича ихтиёрий равишда ўзлари танлаган пахта-тўқимачилик кластерлари билан фьючерс шартномалари тузиш эркинлиги берилди. Лекин бу давлатимиз томонидан берилаётган имкониятларни фермер хўжаликлари суиистеъмол қилишлари мумкин, дегани эмас. Яъни, кластерлар томонидан берилган ресурс маблағларини бир қанча фермер хўжаликлари томонидан ноўрин сарфланиши натижасида давлат ва кластер олдидаги пахта хом ашёсини етиштириш бўйича шартномавий мажбуриятларини бажара олмаганлиги боис ресурс маблағларидан, қолаверса, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлардан катта миқдорда қарздорлик келиб чиқмоқда. Фермерлар масаланинг мана шу томонини ҳисобга олишлари зарур”.

***

P/s: Пайариқ туманидаги кластер корхонаси ва бир қатор фермерлар ўртасида шу тарзда ғалати вазият пайдо бўлмоқда: Фермерлар кластер томонидан уларга ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмагани, кейинги 2-3 ойда ерни шудгорлаш учун ёқилғи, минерал ўғит, фермер хўжаликларининг техникалари учун эҳтиёт қисмлар етказиб берилиши юзасидан ёрдам берилмагани ва ҳатто, топширилган пахта ҳосили учун пул маблағлари ҳам тўланмаганини айтмоқда. Кластер эса аксинча, маҳсулотлар етказилгани, фермерларнинг ўзи кластердан қарздор эканини маълум қилмоқда.

Туман қишлоқ хўжалиги, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши туман бўлимлари эса фермерларга кластер томонидан тегишли маҳсулотлар етказилганини айтиш билан бир қаторда фермерларнинг солиқ қарздорлигини эслатмоқда (фермер ва кластер ўртасидаги можарода солиқ қарздорлигининг қанчалик алоқадорлигини унчалик тушунмадик).

Нима бўлганда ҳам, ҳар икки томон ўзини ҳақ деб билган мазкур вазиятни мутасаддилар чуқур ўрганиб чиқади, деган умиддамиз.