Кўчада автобус етарлими?

Янги ўқув йили бошланиши билан Самарқанд шаҳри кўчалари янада гавжумлашиб қолди. Табиийки жамоат транспортига талаб ошди. 

Вилоят транспорт бошқармаси ушбу жиҳатларни ҳисобга олиб автобусларнинг техник созлигини ўрганиб чиқди. Навбатчи диспетчерлик хизматлари ташкил этилди. Бекатларда автобуслар йўналишлари жадвали ўрнатилди. Шунингдек, асосий кўча ва чорраҳаларда, олий ўқув юртлари ва умумтаълим мактаблари ёнидан автобусларнинг хавфсиз ўтишини таъминлаш мақсадида навбатчилик ташкил қилинди.    

- 4 сентябрь куни тонгдан шаҳардаги 26 та йўналиш бўйлаб 300 та автобус, 36 та микроавтобус йўлга чиқди, - дейди вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи Акобир Ашуров. – Уларнинг ҳаракатларини мувофиқлаштириш мақсадида бошқармамиз ва вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси билан ҳамкорликда ишлаяпмиз. Шаҳарга кириб келадиган 130 дан зиёд автобус, юзлаб таксиларнинг ҳайдовчилари билан суҳбатлашиб, йўлкира нархларини оширмаслик, автобусларда электрон тўловни амалга оширишга келишиб олдик.   

Бошқармамиз ва ИИБ ходимлари 10 кун давомида ҳар куни соат 6:00 дан бошлаб белгиланган ҳудудларда туриб, автобуслар ҳаракат жадвалида бекатлар оралиғини 8-10 дақиқадан оширмасликни таъминлашади. 

Айни вақтда шаҳарнинг Бўстонсарой, Мирзо Улуғбек, Амир Темур кўчаларидаги қоидабузарликларни камералар қайд этишни бошлади. 

Дилмурод ТЎХТАЕВ.