«Кўнгилдан кўчирмалар»
Таниқли шоир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, “ХХI аср” газетаси бош муҳаррири Норқобил Жалилнинг галдаги китоби шундай номланган.
Китобда ижодкор қалбининг руҳий кечинмалари, қувонч ва изтироблари ўқувчи ҳукмига содда ва самимий тарзда ҳавола этилган. Хотиралар, шеърлар, очерклар, суҳбатлар ва эсселарда адабиётга бахшида тақдирлар, Ватан ва миллат ҳаётига эш бўлиб келаётган замондошларимизнинг заҳмат ва шарафга йўғрилган умр йўллари ҳақида қизиқарли тарзда ҳикоя қилинган.
Буни муаллиф бевосита мулоқотда бўлган, бирга ишлаган, сабоқ олган Чингиз Айтматов, Абдулла Орипов, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Тоғай Мурод, Муҳаммад Юсуф, Аҳмад Аъзам, Сирожиддин Саййид, Матназар Абдулҳаким, Мирзо Кенжабек, Эшқобил Шукур, Чори Аваз, Назар Эшонқул, Жаббор Раззоқов, Сафар Остонов, Қулман Очил, Собир Ўнар, Рўзибой Қўлдош каби адабиёт ва журналистика дарғаларига бағишланган асарлардан ҳам билиш мумкин.
Шунингдек, китобда яхшилик, меҳр-оқибат, иймон-эътиқод ҳақида ҳикоя қилинади. Армонлар, хатолар ҳақида гап кетади. Ҳар биримизнинг хатоларимиз, армонларимиз...кишини ўйга толдиради. Китобнинг асосий ғояси – эзгулик. Унинг ҳар саҳифасидан инсонмисан, инсондек яша, деган даъват эшитилаётгандек бўлади.
Китоб Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузуридаги «Ижод» жамоат фонди ҳомийлигида «Tafakkur» нашриётида чоп этилган.