Кўмакка муҳтож оила фарзандларига 500 минг сўм миқдоридаги бир марталик моддий ёрдам берилади

2021 йилнинг август ойида Самарқанд вилоятидаги боқувчисини йўқотганлик пенсияси ва нафақасини олувчи оилаларнинг 18 ёшга тўлмаган фарзандларига, ногиронлиги бўлган 18 ёшга тўлмаган болаларга ва “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг 18 ёшгача бўлган фарзандларига 500 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам берилади.

Бу ҳақда вилоят ҳокимининг 2021 йил 4 августдаги қарорида белгиланди. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 июлдаги “Кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан қабул қилинди.

Қарорга кўра, бир марталик моддий ёрдам пуллари 25 августга қадар манзилли етказилади.

Кўмакка муҳтож оилаларнинг фарзандларини кийим-бош тўпламлари, мактаб формаси ва ўқув қуроллари билан таъминлаш мақсадида ажратилаётган ушбу харажатлар бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.