Компьютер ўйинлари учун пул топилади, театрга эса...
Самарқандда Ўзбекистон ва Индонезия ижодкорлари томонидан саҳналаштирилган “Имом Бухорий ва Сукарно” спектакли премьерасини кўриб, айрим мулоҳазаларни билдиришни лозим кўрдик.
Яқинда кўп қаватли уйлар орасидаги айвончада бир воқеага гувоҳ бўлдим. Телефон орқали ким биландир суҳбатлашиб, ўриндиқда ёйилиб ўтирган кишининг ёнига чамаси саккиз ёшдаги бир бола ва уни етаклаган ўсмир қиз келиб, салом берди.
- Дада, 10 минг сўм беринг, - сўради бола.
- Нима қиласиз бу пулни, ўғлим, - деди ота чўнтагига қўлини солиб ва суҳбатдошидан узр сўради. – Кечирасиз, дўстим. Ўғлим пул сўраб келганди, бир дақиқа.
Болага берган саволига ҳали жавоб эшитмасдан, бир даста пулнинг орасидан 20 минг сўмни олиб, узатди.
- Дада, менгаям 20 минг сўм керак эди, - деди қиз ҳам илтимос оҳангида.
- Нима қиласан?
- Устозимиз эртага бизни театрга олиб борар экан, - дадасидан рад жавобини эшитишдан ҳадиксиради, шекилли, бирданига қўшимча изоҳ бера бошлади. – Тарихий спектакль экан. Бундай спектакллар ҳам адабиётдан, ҳам тарихдан олган билимларимизни оширишга хизмат қиларкан.
- Уйга кир, - деди дадаси буйруқ оҳангида. – Интернетда тарихий спектакллар тиқилиб ётибди, томоша қилавер. Кечагина “Wi-Fi” учун пул ўтказдим.
- Манавингизга бердингиз-ку, - деди қиз йиғламсираб. – Бу бола сиздан олган пулнинг барини компьютер ўйинлари учун сарфлаётганиниям биласиз, мен эса...
Ота қўли билан имлаб, “кет-кет” ишорасини қилди ва телефондаги суҳбатини давом этдирди.
Шу воқеадан кўп ўтмай, Каттақўрғон шаҳар драма театри ва вилоят мусиқали драма театрида “Имом Бухорий ва Сукарно” деб номланган спектаклнинг премьераси намойиш этилиши ҳақидаги хабарни эшитиб қолдим ва томоша қилиш учун театрга бордим. Спектакль тугагач, театр биносидан чиқаётиб, ижодкор йигит Аббос Шодмонқулов ҳамда Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти профессори Мамаюнус Пардаевларни учратиб қолдим.
- Зўр спектакль бўлибди-я, - деди Аббос Шодмонқулов. – Тўғриси, кўп китоб ўқиганман, деб юрган эканман. Аммо ўтган асрнинг ўрталарида буюк бобомиз Имом Бухорийнинг қабри эътиборсиз ётган бир пайтда Индонезия президенти уни қидириб, топтиргани ва зиёрат қилгани, шундай улуғ зот мангу қўним топган жой хароба аҳволда эканлигидан кўнгли ранжигани ҳамда бу ҳолат масъул раҳбарларни уйғотишга чорлагани ҳақида бугун билдим.
- Ёшлар тарбиясида театрнинг ўрни алоҳида, - деди устоз Мамаюнус Пардаев. – Ташқи кучлар таъсирида фарзандларимиз телефонга берилиб, вақтини бесамар ўтказяпти. Улар ўқиш ва изланиш ўрнига интернет тармоғидаги кераксиз ўйинлар билан машғул бўляпти. Афсуски, аксарият ота-оналар бунга бефарқ. Агар улар фарзандлари билан бирга театрларга келиб, тарбиявий аҳамиятга эга спектаклларни томоша қилишса, фойдадан холи бўлмасди.
Биз томоша қилган спектакль икки давлат Ўзбекистон ва Индонезия ижодкорлари томонидан саҳналаштирилган экан. Ҳақиқатан ҳам мазкур спектакль яхши ишланган. Премьера томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди. Бу саҳна асарининг яратилиш тарихини бизга Каттақўрғон шаҳар драма театри раҳбари Ботир Тугалов гапириб берди:
- 2023 йил январь ойида вилоятимиз делегацияси Индонезия ва Малайзия давлатларида сафарда бўлган эди. Ўшанда театримиз билан Индонезиянинг Жакарта шаҳридаги Буми Пурнати театри ўртасида беш йилга мўлжалланган ижодий ҳамкорлик меморандуми имзоланганди. Бунинг натижасида икки театр жамоаси биргаликда ушбу спектаклни яратдик. Мазкур саҳна асари индоноезиялик таниқли драматург Аҳмад Фавзий ҳамда ўзбекистонлик Гўзалой Солиҳ томонидан ёзилди. Асар икки ой давомида икки давлат ижодкорлари томонидан онлайн тарзда ишланди ва 15 кун давомида театримизда саҳналаштирилиб, репетиция жараёнлари ўтказилди. Бу асар 1956 йилда Индонезиянинг биринчи президенти жаноб Сукарно Ўзбекистонга ташриф буюриб, Имом Бухорий ҳазратлари қабрини зиёрат қилиши ва бу йўлда учраган тўсиқлар ҳақида ҳикоя қилади. Спектакль режиссёрлари - индонезиялик ижодкор Аҳмад Фавзий ва Ўзбекистон халқ артисти Валихон Умаров. Спектакль премьераси пойтахтда ҳам ўтказилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, мазкур спектакль Индонезия, Малайзия ва Сингапур давлатларининг бир қатор шаҳарларида ҳам намойиш этилади.
Ҳар икки ҳудудда ўтказилган премьерада Индонезиянинг Буми Пурнати театри раҳбари Ресту Имансари иштирок этди.
- Ҳамкорлик масаласида сифатга алоҳида эътибор берамиз, - дейди у. – Сифат паст бўлган театрлар билан ҳамкорлик қилмаймиз. Каттақўрғон шаҳар драма театрида ижодий муҳит яхши. Икки ярим йилдан бери бу театр билан ҳамкорлик қилиб келяпмиз ва бунинг натижасида икки томондаям ижодий ўсиш кузатилди. Бугунги спектакль премьерасига баҳони томошабинлар берди. Уларнинг ижодий асаримизни диққат билан кузатиши, юракдан қабул қилиши мени хурсанд қилди.
Бугун кўпчилик спектакль томоша қилишга ҳафсала қилмай қўйди. Кино кўрадиган бўлса ҳам, интернет тармоғи орқали телефон ёки компьютерга тикилишни одат қилган. Бу эса кўз нурининг сусайишига ҳам олиб келиши шубҳасиз. Театрда спектаклни жонли томоша қилишнинг эса гашти бошқача.
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (видео).