Тойлоқдаги кўп қаватли уйлар 8 баллик зилзилага дош берадими?

Туманнинг Чароғбон маҳалласидаги “Янги Ўзбекистон” массивида қурилаётган 16 қаватли турар-жой биносида вибродинамик ускуна ёрдамида зилзилабардошлик синови ўтказилди.

Кейинги йилларда янги қурилаётган кўп қаватли турар-жойларнинг зилзилабардошлиги, айниқса, сейсмик фаол ҳудудда қурилаётган иншоотларда меъёрий ҳужжатлар ва замонавий ускуналар ёрдамида амалий текширувлар ҳам ўтказилмоқда.

Президентнинг 2024 йил 17 апрелдаги “Бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини ошириш ҳамда сейсмик хавфни мониторинг қилиш фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган синов махсус вибродинамик ускуна ёрдамида ўтказилиб, жараёнга малакали мутахассислар жалб этилди.

Дастлаб бино ҳолати ўрганилди, конструктив элементлар текширилди ва махсус ускуналар ўрнатилди, сўнг зилзилавий таъсирни сунъий равишда ҳосил қилиш ишлари бошланди. Синов жараёнида бино конструкцияларига 8 баллик зилзилага мослаштирилган тебраниш берилди. Бу эса иншоотнинг сейсмик барқарорлигини реал шароитга яқин ҳолатда баҳолаш имконини яратди. Мутахассислар барча жараёнларни махсус жиҳозлар орқали назорат қилиб борди. Бинонинг реакцияси, конструкцияларнинг ҳаракати ва барқарорлиги босқичма-босқич қайд этилди. Синов ишлари уч босқичда амалга оширилиб, дастлабки визуал хулосаларга кўра, бино зилзилавий таъсирларга нисбатан барқарор ҳолатда экани қайд этилди. Ҳозирда умумий олинган натижалар мутахассислар томонидан қайта ишлаш ва умумлаштирган ҳолда якуний хулоса чиқариш жараёнида.

Айтиш жоизки, бундай синовлар Ўзбекистон шароитида алоҳида аҳамиятга эга. Бундай тадқиқотлар ҳудуддаги биноларнинг сейсмик мустаҳкамлиги ва зилзилабардошлик даражасини аниқлаш, шунингдек, уни янада оширишда муҳим аҳамият касб этади. Чунки мамлакатимиз сейсмик фаол ҳудудда жойлашган бўлиб, ҳар бир бино ва иншоотнинг мустаҳкамлиги инсон ҳаёти ва мулк хавфсизлиги билан бевосита боғлиқ. Олинган натижалар асосида келгусида биноларнинг сейсмик барқарорлигини кучайтириш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланади. Бу эса вилоятимизда барпо этилаётган барча бино ва иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини давлат назоратига олишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Вилоят қурилиш назорат инспекцияси ахборот хизмати.