Кўприксиз каналлар, йўлсозлардан чала иш, тупроқ билан тўлдирилаётган “яма”лар яқин кунларда ҳал этилиши маълум қилинди
Телеграм каналимизда шу йил 24 май куни “Кўприксиз каналлар, йўлсозлардан чала иш, тупроқ билан тўлдирилаётган “яма”лар” сарлавҳали танқидий мақола берилган эди.
Оқдарё тумани ҳокимлиги ушбу мақола юзасидан жавоб йўллади.
Унда келтирилишича, “Пилол қишлоғидан Ойтамғали маҳалласигача борувчи йўл Оқдарё тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси қарамоғидаги, маҳаллий аҳамиятдаги 4Н591-"Пониқи қишлоғи - Ўтарчи қишлоғи" автомобиль йўлининг 4-5 километр оралиғи ҳисобланади.
2021 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида Пилол қишлоғи фуқаролари томонидан туман ҳокимига мазкур автомобиль йўлини таъмирлаш юзасидан қилган мурожаатидан сўнг автомобиль йўлининг 1-километр қисмида жорий таъмирлаш ишлари олиб борилган. Ушбу таъмирлаш ишлари йўл қурилиши талаблари даражасида бажарилган, ўйдим-чуқур қисмлари таъмирлаш ишлари олиб борилмаган қисмида мавжуд.
Автомобиль йўлининг қолган қисмини жорий йилнинг сентябр ойининг охирига қадар, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини жорий таъмирлаш ишлари учун ажратилган лимит доирасида таъмирлаш ишлари амалга оширилади.
Мақолада йўлсозларнинг М-37 автомагистраль йўлининг Пилол қишлоғидан ўтган ҳудудида йўлнинг ўйдим-чуқурликларини тупроқ билан тўлдираётганлиги ёзилган. Мазкур "Самарқанд - Бухоро - Туркманбоши" автомобиль йўлида Самарқанд мунтазам йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси ходимлари томонидан хизмат кўрсатилади. Жорий йилнинг қиш мавсумида ёғингарчилик сабабли автомобиль йўлининг қатнов қисмида чуқурлар пайдо бўлганлиги сабабли автотранспорт воситалари ҳаракатини мунтазам таъминлаш мақсадида уни тупроқ билан эмас, йўлнинг четки қисмида инерт материаллар билан вақтинча ёпиш ишлари бажарилган. Ҳозирги кунда мазкур автомобиль йўлининг Оқдарё туманидан ўтувчи 32-километри қисмида тўлиқ асфальтобетон қоришмаси билан картали ҳамда ямоқли таъмирлаш ишлари бажарилган.
Шунингдек, мақолада кўрсатилган Пилол қишлоғи ҳамда Иштихон туманининг Тўқай қишлоғи оралиғидаги каналга кўприк қуриш Оқдарё тумани ҳокимлиги томонидан ички хўжалик йўллар ва ички хўжалик йўлларида жойлашган кўприкларни таъмирлаш учун шакллантириладиган манзилли дастурга киритилади. Сўнгра тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан таъмирлаш ишлари олиб борилади”.