Коронавирус кўпайишини тўхтатишга қодир витамин аниқланди
Ҳиндистондаги Манипаль академияси ва Маҳаллий биотехнологиялар маркази тадқиқотчилари витамин В12 коронавирус кўпайишини қайтара олишга қодир эканлигини аниқлади. Бу ҳақдаги тадқиқотлар “IUBMB Life” журналида нашр этилди.
Мутахассислар вирус тарқалишига жавобгар бўлган ва коронавирус геноми таркибига кирувчи nsp12ни йўқ қила оладиган табиий маҳсулотлар ва тиббий воситаларни аниқлаш мақсадида компьютер моделлаштирилишини ўтказдилар.
Тадқиқот якунига кўра, витамин В12нинг ўзига хос таркиби – метилкобаламин вирус ҳужайралари репликациясини йўқ қилишга қодир эканлиги аниқланди.
“Мазкур восита касалланиш хавфини камайтириш ва касалхоналарда кечиктириб бўлмас ёрдам кўрсатиш учун тиббий ходимлар, ёши кексалар ёки сурункали касаллиги бор гуруҳларга касалланишнинг олдини олиш мақсадида қўллаш мумкин”, дейилган тадқиқот матнида.
Шунга қарамасдан тадқиқотчилар COVID-19 билан касалланган беморларни даволаш протоколига ўзгартириш киритиш учун бир қатор қўшимча тадқиқотлар ўтказилиши лозим эканлигини таъкидлаган.