Коронавирус сабаб Ўзбекистонда тиббиёт ниқоблари нархи кўтариляптими?
Сўнгги вақтларда хориж давлатларида, хусусан, Хитой Халқ Республикасида хавфли юқумли вирус билан касалланиш ҳолати авж олганлиги сабабли республикамиз дорихоналарида тиббиёт ниқоблари тақчиллиги кузатилаётганлиги ва унинг чакана нархи кескин ошиб кетганлиги, шунингдек, йўтал, грипп ва шамоллашга қарши, иммунитетни мустаҳкамловчи ва вояга етмаганларга мўлжалланган дори воситаларининг чакана нархида ҳам ўсиш кузатилганлиги тўғрисида ижтимоий тармоқларда хабарлар тарқалмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ўз ваколатлари доирасида дори воситалари ва тиббиёт буюмлари учун белгиланган улгуржи ва чакана савдо устамаларига риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширади, деб хабар бермоқда қўмита матбуот хизмати.
Ўз навбатида, мунтазам равишда (бир йил давомида икки ва ундан ортиқ марта) лицензия талаблари ва шартлари, шу жумладан, дори воситалари ва тиббий буюмларга нарх белгилаш тартиби, рецепт асосида бериладиган ҳамда электрон тижорат орқали дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш тартибининг бузилиши – лицензия талаблари ва шартларини қўпол равишда бузилиши ҳолати ҳисобланади ҳамда бу фармацевтика фаолияти учун берилган лицензия амал қилишининг белгиланган тартибда тўхтатилишига олиб келади.
Шу муносабат билан, фармацевтика соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлардан дори воситалари ва тиббий буюмларга нарх белгилаш тартибига, лицензия талаблари ва шартларига қатъий риоя қилишларини сўраймиз.
Эслатма: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 31 октябрдаги “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотиш – уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорларда чекланган савдо устамалари қўлланилган ҳолда амалга оширилиши белгиланган.