Коронавирусга чалинганлар сони камайди. Касаллик яна авж олиши мумкинми?

Ушбу саволган Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Нурмат Отабеков жавоб берди.

— Ҳақиқатан ҳам кейинги кунларда коронавирус касаллиги қайд этилишида пасайиш тенденцияси кузатилмоқда. Бу ҳолатни учта жиҳат билан баҳолаш мумкин:

➖ биринчиси, коронавирус касалланиб, соғайганлар сони кундан-кунга ортиб боряпти (табиий иммунитет орттирганлар);

➖ иккинчиси, коронавирусга қарши вакциналарнинг дастлабки дозаларини олганлар ва тўлиқ эмланганлар сони ҳам ортиб боряпти (фаол орттирилган иммунитети борлар);

➖ учинчиси, коронавирус касаллиги охирги авж олган даврида иммун тизими ночор (кучсиз) бўлган аҳоли қатлами касалликни юқтириб улгурди ва аҳоли орасида иммунитет даражаси бирмунча юқориларгина касалликка чалинмай қолдилар.

Кўриниб турибдики, ушбу сабаблар вазиятга бевосита ўз таъсирини ўтказмоқда.

Шундай экан кейинги босқичда (навбатдаги касаллик авжида) иммун тизими ночор (кучсиз) бўла туриб касалланмай қолган аҳоли қатлами ва ҳозирча бирмунча юқорироқ иммунитетга эга бўлиб, вақт ўтиши баробарида унинг сусайиб бориши кузатиладиган аҳоли ҳисобидан касаллик қайд этилиши яна кўтарилиши мумкин.

Асло ёдимиздан чиқмаслиги керак, жамоавий иммунитетни шакллантирмай туриб (касалланиб ёки эмланиб) эпидемик вазиятнинг барқарорлигига эришиб бўлмайди. Касалликдан кейинги иммунитет таранглиги эса нечоғлик турғун эканлигини билмаймиз. Шу боис касалланганлик ёки касалланмаганликдан қатъий назар эпидемик кўрсатмага асосан коронавирусга қарши эмланиш зарур.