Короновирус туфайли Суперлига ўйинлари тўхтатилиши мумкин

Мамлакатимизнинг бир қатор жамоаларида, шу жумладан, Про-лигада тўп сураётган Самарқанднинг «Динамо» жамоаси футболчилари орасида ҳам коронавирус инфекцияси борлиги аниқланди.

Ўзбекистон чемпионатида иштирок этувчи клубларда касаллик аломати сезилаётган футболчилар сони тобора ортаётганлиги туфайли Суперлига баҳслари тўхтатилиши мумкин.

«Пахтакор» клубининг 5 нафар футболчисида тана ҳарорати ошиб, иситма қилган. Улар  коронавирусга тест топширган ва натижалар мусбат чиққан.

ПФЛ бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаевнинг маълум қилишича, 20 июль куни ПФЛ Суперлига клублари расмийлари ва бош мураббийлари билан Zoom орқали видеоконференция ўтказиб, чемпионат баҳсларини давом эттириш ёки қолдириш масаласини муҳокама қилади. Шундан сўнг ПФЛ томонидан бир қарорга келинади.

Суперлиганинг «Бунёдкор», «Сурхон» клубларида, Про-лигада эса «Динамо»дан ташқари «Хоразм» жамоалари футболчиларида ҳам коронавирус инфекцияси аломатлари аниқланган.

Дилшод Ўтамуродов.