Коррупцион жиноятлар оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 1 трлн. 282 млрд. сўм моддий зарар етказилган
Бу ҳақда Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг навбатдаги ялпи мажлис олдидан бўлиб ўтган мажлисида таъкидланди.
Хусусан, маҳаллий Кенгашларнинг қонунийликни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича доимий комиссиялари аъзолари, вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда экспертлар иштирокида ўтказилган мазкур мажлисда сенаторлар Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маърузани муҳокама қилди.
Таъкидланганидек, республикамизда коррупцион жиноятларга қарши олиб борилган фаол ишлар натижасида 2021 йилда республика бўйича 3 769 та коррупцияга оид жиноят иши судларга юборилган. Ушбу жиноятлар оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 1 трлн 282 млрд сўм миқдорида моддий зарар етказилган. Ушбу кўрсаткич 2020 йилга нисбатан 3 бараварга ошган.
Аксарият коррупцияга оид жиноятлар Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Мактабгача таълим, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари ҳамда банк тизими ташкилотларига тўғри келган.
Ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳри, Сурхондарё, Навоий, Андижон, Фарғона, Наманган, Қашқадарё, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида энг ёмон кўрсаткичлар қайд этилганлиги танқид қилинди.
Сенаторлар томонидан 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2022 йил I ярим йиллиги якуни бўйича бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи ҳам дастлабки тарзда муҳокама қилинди.
Жумладан, Ҳисоботни кўриб чиқиш жараёнида айтилганидек, Давлат бюджетининг жами харажатлари 103,0 трлн етганлиги, амалга оширилган жами харажатлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 29,9 фоизга ортган.