Кредит гаровига қўйилган офис биноси янги эгасига олиб берилди

Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг қарорига кўра, бир неча жавобгарлар Самарқанд шаҳрида умумий фойдаланиш майдони 575,79 кв.м., қурилиш ости майдони 400,36 кв.м.дан иборат бўлган бинодан бошқа турар-жой бермаган ҳолда чиқариш тўғрисидаги ижро варақаси МИБнинг Самарқанд шаҳар бўлими иш юритувига келиб тушган.

Мазкур бино банкдан 32 минг евро кредит олинганда гаровга қўйилган. Бироқ кредит маблағи қайтарилмагач, бино аукцион савдосига чиқарилган ва ғолиб томонидан гаров мулки - офис биноси сотиб олинган.

Мазкур ижро ҳужжати бўйича “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 23-моддасига асосан ижро иши юритуви қўзғатилган ва қарздорларга ижро ҳужжатини ихтиёрий бажаришлари учун 15 кунлик муддат берилган.

Бироқ, қарздорлар суд қарори ижросини бажармаслигини ҳамда низоли бўлган бинони бўшатмаслигини билдирган.

Амалга оширилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида қарздорлар ва уларнинг мол-мулклари ижро ҳужжатида кўрсатилган манзилдан мажбурий тартибда чиқарилиб, низолар ҳал бўлгандан сўнг жорий йил 7 май куни бино аукцион ғолибига топширилган.

Бекзод ТУРДИЕВ,

МИБнинг Самарқанд шаҳар бўлими давлат ижрочиси.