Кремл қироличаси

* Тарихнинг ўқилмаган саҳифалари

СССРнинг биринчи хоними Раиса Горбачева вафот этганига йигирма йилдан ошди. У мунтазам телевизор экранларида кўриниб турар, КПСС МК бош секретари, кейинчалик мамлакат президенти Михаил Горбачевнинг чет эл сафарларида бирга бўлар, чет эл делегацияларини қабул қилишида иштирок этарди.

Узуксиз никоҳ

Иттифоқнинг олдинги раҳбарларининг умр йўлдошлари сиёсатга аралашмаган, уй-рўзғор ишлари ва болалар тарбияси билан шуғулланган. Раиса Горбачева бу анъанага чек қўйиб, эридан кам бўлмаган мавқега эришди.

Раиса Максимовна Титаренко 1932 йил 5 январда Ғарбий Сибир (ҳозирда Олтой)нинг Рубцовск шаҳрида, темирйўлчи оиласида тўғилди. 1950 йилда мактабни олтин медаль билан битириб, Москва давлат университети (МДУ)нинг фалсафа факультетига имтиҳонсиз ўқишга кирди. Бу ерда ётоқхонада бўлажак эри, ҳуқуқшунослик факультетида ўқиётган Михаил Горбачев билан танишади.

Уч йилдан кейин ёшлар оила қуришди. Тўй талабалар ошхонасида камтарона нишонланди. Михаилнинг ҳатто келинга никоҳ узуги совға қилишга ҳам пули йўқ эди.

Университетни тугатган ёш оила Горбачевнинг юрти Ставрополга жўнади. Бу ерда Горбачев маҳаллий прокуратурада, ВЛКСМ ўлка қўмитасида ишлади. Раиса институтда фалсафадан дарс берди. 1957 йилда қизи Ирина туғилди. 1967 йилда Раиса Максимовна “Колхоз деҳқончилик тарзининг янги қирралари шаклланиши” мавзусида номзодлик диссертациясини ёқлади. Горбачевлар узоқ вақт коммунал уйда, икки хонали квартирада яшайди.

Ставрополча меҳмондўстлик

Михаил Сергеевич Мавқе пиллапоялардан дадил кўтарилиб борди ва 1970 йилда КПСС Ставропол ўлка комитетининг биринчи секретари лавозимига сайланди. Аммо келажакда янада ўсиши учун мамлакатнинг юқори раҳбарлари билан мустаҳкам алоқа зарур эди.

Горбачевнинг илтимоси билан СССР соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги партия юксак мартабали амалдорларига тиббий хизмат кўрсатувчи IV бошқарма бошлиғи Евгений Чазов сиёсий бюро аъзоларини даволаниш ва дам олиш учун Ставрополга жўнатади. Бу ерда олий мартбали амалдорлар учун бир нечта санаторий жиҳозланди. Уларда меҳмонлар учун қўнгилочар кечалар, зиёфатлар уюштирилиб, қимматбаҳо совғалар тақдим этилди. Раиса эрини атайлаб зиёфатларга етаклаб борар. Даврада ўзини қандай тутиши, нима ҳақида гапириши, олий мартабали меҳмонларда ўзи ҳақида яхши таассурот қолдириши учун нима қилиши лозимлигини уқтирарди.

Ҳаракат зое кетмади. 1978 йилда Михаил Горбачев МК секретори бўлди, икки йил ўтиб, сиёсий бюро таркибига киритилди.

Кредит картага сирға

1984 йил СССР Олий совети делегацияси Горбачев бошчилигида Англияга ташриф буюрди. У Олий совет ташқи ишлар комиссияси раиси эди. Гуруҳ таркибида Раиса Максимовна ҳам бор эди. МДУда дарс берадиган бу аёлнинг Олий советга ҳеч қандай алоқаси йўқ эди. Горбачев ҳали бош секретор бўлмаса-да, оилавий жуфтликни ғоят олий даражада кутиб олишди. Маҳаллий журналистлар Раиса Горбачеванинг “Карте” салонида “Американ экспресс” кредит картаси ёрдамида баҳоси 5000 долларлик бриллиант сирға харид қилганини ёзишди. Демак, карта эгасининг Ғарб банкларидан бирида шахсий ҳисоби бор. Кейинчалик Черненко ушбу харид билан қизиқиб қолди. Бироқ Горбачев карточка совет дипломатларидан бирига тегишли эканлигини айтиб, гапни олиб қочди. Ким билади, Черненко уч ой ўтиб оламдан ўтмаганида бу суриштирув нима билан тугарди?

Унинг ўрнини Горбачев эгаллади.

Буюрмаган дача

Раиса Максимовна мақсадига эришди - мамлакат биринчи хонимига айланди. Расмий тадбирларда у мунтазам эри ёнида пайдо бўлди. Шоҳона либослари мамлакатда ва хорижда тилдан тилга кўчди. Эри ҳукмронлиги даврида Раиса Максимовна 40 дан зиёд мамлакатларда бўлди. Хорижга сафар чоғида самолётда унинг шахсий автомобили ҳам ҳайдовчиси билан олиб борилди. Мамлакат тақдирига ёки халқаро масалаларга дахлдор муҳим қарорлар қабул қилишда Раиса Максимовнанинг фикри ҳал қилувчи рол ўйнарди...

Анъанага кўра, бош секретар ва унинг рафиқаси дам олиш учун Ялта ёнида, Ореанда Қрим қароргоҳини қуришни мўлжаллаган эди. Аммо Раиса Максимовна эридан бошқа алоҳида сарой қуришни талаб қилди. Унга Форос посёлкасидан наридаги хушманзара жой ёққанди.

Беканинг хоҳишига кўра, дача ўша даврдаги энг янги техник воситалар билан жиҳозланди. Дачани белгиланган муддатдан бир йил олдин фойдаланишга топширишди.

Аммо давлат ҳисобидан жуда катта харажатлар эвазига барпо этилган дачада дам олиш “қиролича”га насиб этмади. 1991 йил августда Горбачев рафиқаси билан дам олиш учун дачага келган вақтда Москвада давлат тунтаришига уриниш бўлди. Горбачевларнинг ҳукмронлиги тугади. СССР деган давлат ҳам барҳам топди.

СССР тарқаб кетганидан кейин Раиса Горбачева сиёсат саҳнасидан ғойиб бўлди. У хайрия ишлари билан шуғулланди, эрига хотира китоби чиқаришда кўмаклашди. 1999 йилда шифокорлар унда қон касаллиги - лейкозни аниқлашди. Собиқ биринчи хоним Германиянинг Мюнстер шаҳри клиникасига ётқизилди. Бироқ шифокорлар ёрдам беришолмади. Раиса Максимовна 1999 йил сентябрда 67 ёшида оламдан ўтди. У Москвада Новодевичье қабристонида дафн этилди.

Т.ШОМУРОДОВ таржимаси.