Кучли шамол Пахтачидаги икки қаватли уй томини учирди
Кеча тунда юзага келган кучли шамол Самарқанд вилоятининг айрим ҳудудларида ҳам кутилмаган ҳолатларни юзага келтирди.
Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизматининг хабар беришича, 2020 йилнинг 27 апрель куни соат тахминан 22:25 дан 28 апрель соат 01:25 га қадар Самарқанд вилоятида ҳам кучли шамол кузатилган. Шамолнинг тезлиги айрим ҳудудларда 14-20 м/секундгача етди.
Бунинг оқибатида Пахтачи тумани Истиқлол маҳалласидаги икки қаватли уйнинг том қисми тўлиқ (600 метр квадрат) ҳамда Мирзо Улуғбек маҳалласидаги икки қаватли уйнинг том қисми 70 фоиз (500 метр квадрат) учиб, бинонинг орқа қисмидаги ҳовли ҳудудига тушган.
Юзага келган вазият оқибатларини бартараф этиш мақсадида туман ҳокимлиги, фавқулодда вазиятлар бўлими, ИИБ ва бошқа мутасадди ташкилотлардан ходимлар ва зарур техника воситалари жалб қилинди.
Шунингдек, кучли шамол натижасида Паст Дарғом тумани Бешнайман маҳалласидаги 180 хонадонни электр токи билан таъминловчи юқори кучланишли трансформаторга кирувчи электр сими узилган. Ҳозирда ушбу ҳолатни бартараф этиш бўйича туман электр таъминоти корхонаси томонидан зарур чоралар кўрилмоқда.
Кучли шамол оқибатида фуқароларнинг тан жароҳати олганлиги юзасидан вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасига маълумот келиб тушмаган.