Кутубхонамиз журналист, ижодкорлар китоби билан янада бойиди

Юртимизда йил давомида китоб ва китобхонликни тарғиб қилишга қаратилган турли тадбирлар, акциялар ўтказилиб келинмоқда. Ана шундай тадбирларнинг навбатдагиси бизнинг Булунғур туманидаги “Ёшлар кутубхонаси”да бўлиб ўтди.

Ахборот-ресурс марказимизда бўлиб ўтган ижодий мулоқотда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раиси А.Ҳайдаров қатнашиб, ижодкорларнинг “Зарафшон” газетаси кутубхонаси туркуми остида чоп этилган 50 дан ортиқ китобини кутубхонамизга совға қилди.

- Китобга меҳр қўйиш унга бўлган ҳурматни янада оширишга хизмат қилади, - деди А.Ҳайдаров. – Шунинг учун бўлса керак ҳар қандай ижодкор ижодий фаолиятни янада ривожлантириш ва бойитиш учун, энг аввало, турли адабиётларни мутолаа қилишга одатланади. Чунки бугунги кун талаби, бугунги кун сўроғи ҳам биз олган билим ва салоҳиятимизга боғлиқ.

Савол-жавобга бой бўлиб ўтган тадбир якунида ижодкорлар ўз китобларини фаол ўқувчилар ҳамда кутубхонага топширди.

Иштирокчиларга кутубхона ҳақида, уни келгусидаги ривожлантириш борасида, шунингдек, кутубхонамиз ёнига грант лойиҳаси асосида янгитдан бино барпо этилиши ҳусусида маълумот берилди. Биргаликда бинода яратилган шарт-шароитлар ҳамда сақлов хоналари, ўқув залларини кўздан кечирилди.

Шу ўринда Булунғур туман ахборот-кутубхона маркази тўғрисида ҳам мълумот берсам. Марказимизнинг умумий китоб фонди 7711 номдаги 16244 нусхани ташкил этади. Шу йилнинг ўтган даврида 318 номда 767 нусхада босма нашрлар олинди. Фондимиз булунғурлик китобхонлар ва меҳмонлар учун ўзбек адабиётининг энг сара асарлари ҳамда жаҳон адабиётининг энг қимматли намуналарини ўзбек тилидаги таржимасидаги китоблар билан доимий равишда бойитиб келинмоқда.

Фойдаланувчиларга хизмат кўрсатишнинг янги шакл ва услубларидан фойдаланган ҳолда “Йўл-йўлакай китоб ўқиймиз” лойиҳаси асосида маҳалла, мактаб ҳамда аҳоли гавжум жойларда кутубхона фондидаги адабиётлардан китоблар тарғиботи, мактабгача таълим ташкилотларида “Китобни жонлантирамиз”, “Китоб чемадончасининг саёҳати” лойиҳаси доирасида  болаларга “Мен севган қаҳрамон” мавзусида эртак китобларни биргаликда ўқиш, расм чизиш ва аппликация бўйича маҳорат дарслари ўтказиб келинмоқда, имконияти чекланган инсонлар учун “Меҳр кутубхонаси” лойиҳаси бўйича кўчма кутубхона ташкил этилиб, марказимиз ходимлари томонидан маҳаллалардаги жисмоний имкониятлари чекланган оилаларга ташриф буюриб, кутубхона фаолияти, янги чоп этилган китоб нашрлари билан таништириб китоб етказиб келинмоқда.

Бундан ташқари,  “Бир адиб ҳақида суҳбат” , “Бир асар тарихи”, “Мутолаа оламидаги китобхон миллат”, “Китобхонлик оиладан бошланади”,  “Китобхон она - китобхон бола” мавзуларида ҳам доимий равишда китоблар тарғиботи ва маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиб  келинмоқда.

“Қизиқарли кутубхонада...” деб номланган доимий экскурсиялар ҳам ташкил этиб келинади. Аҳолига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш, китобхонликни кенг оммалаштириш мақсадида масофадан электрон сайтимиз ҳамда ижтимоий тармоқларимиз орқали ҳам китобхонлар сафини кенгайтиришга эришмоқдамиз.

Сирожиддин Очилов,

Булунғур туман ахборот-кутубхона маркази директори.