Куз-қиш мавсумига тайёргарлик Халқ қабулхоналари назоратида

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси топшириғига асосан, Самарқанд вилоятида 2019-2020 йиллар куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш бўйича шаҳар-туман Халқ қабулхоналари томонидан жойлардаги ижтимоий соҳа объектларида электр энергияси, табиий газ ва ичимлик суви таъминоти, биноларнинг иситиш тизими, ёқилғи ресурслари (кўмир, суюлтирилган газ) билан таъминланганлиги ҳамда уларда ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилиниши ҳолатлари мониторинг қилиб борилмоқда.

Мониторинг натижаларига кўра, ўтган йилнинг 20 декабрь ҳолатига 4108 та объектларнинг 2094 таси куз-қиш мавсумига тайёр эмаслиги аниқланди. Бундан ташқари, вилоят бўйича 343 та аҳоли пунктларига кўмир ва кўмир брикети етказиб беришда муаммолар мавжудлиги аниқланди.

Шунингдек, 789 та табиий газдан узилган ва газ баллон етказиб берилиши лозим бўлган аҳоли пунктлари мавжуд бўлиб, уларда жами 651 400 та оила истиқомат қилади. Ўрганишларга қараганда, вилоят бўйича 9 911 085 тонна суюлтирилган газ баллонга эҳтиёж мавжуд. 2019 йил 20 декабр ҳолатига 6 172 126 тонна газ етказиб берилган. Газ баллонларни етказиб бериш давомийлиги вилоят бўйича ўртача 45-50 кунни ташкил этмоқда.

Аҳолини электр энергияси билан таъминлаш борасида узатилиши лозим бўлган соатига 24 203 437 кВт ўрнига амалда 15 269 871 кВт электр энергияси узатилмоқда.

Ўрганишларда вилоят бўйича мавжуд 1803 та кўп қаватли уйларнинг 1405 таси марказий иссиқлик тизимига уланмагани, 467 тадан 280 тасининг том қисми, 196 тасининг ертўлалари ва улардаги муҳандислик тармоқлари таъмирталаб, 72 тасининг ташқи фасадлари ва 182 тасининг кириш йўлаги, кириш эшиклари, фрамугалари таъмирталаб эканлиги аниқланди.

Шаҳар ва туман Халқ қабулхоналари томонидан уйма-уй юриш, ижтимоий объектлар, оғир ҳудудлар ҳамда 2019-2020 йилларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича ҳудудлардаги ҳокимликлар ва мутасадди ташкилот ҳамда идораларга соҳалар юзасидан йўл қўйилган камчиликлар бўйича 394 та тақдимнома ва ахборотлар киритилган.

Вилоят миқёсида амалга ошириб келинаётган уйма-уй юриб, аҳоли муаммоларини аниқлаш, ижтимоий объектларни ўрганиш, муаммоларни ҳал этиш борасида олиб борилаётган ишлар вилоят секторлари раҳбарлари ҳамда вилоят Халқ қабулхоналари томонидан тўлиқ назоратга олинган ва мазкур йўналишдаги тадбирлар давом эттирилмоқда.

Ёқубжон ГАДОЕВ тайёрлади.