Самарқанд шаҳридаги кўп қаватли уйлар иситиляптими?
Вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармасининг маълумотларига кўра, бугунги кунда вилоятдаги кўп қаватли уйларнинг 67 фоизидан ортиқроғи иситилмоқда. 129 та кўп квартирали уйларга 14 та марказий ва маҳаллий қозонхоналар томонидан хизмат кўрсатилмоқда. 1294 та кўп қаватли уй икки контурли индивидуал қозонлар билан, 700 га яқин уй эса бошқа турдаги иситиш воситалари орқали иситилмоқда.
- Давлатимиз раҳбарининг “2018-2022 йилларда иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарорига кўра, Самарқанд шаҳридаги 2 та қозонхонага биттадан янги қозон ўрнатиш, шунингдек, 1 та янги қозонхона қуриш ишлари якунига етмоқда, - дейди вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бош мутахассиси Раҳим Аҳмедов. – Мазкур лойиҳалар учун 3,15 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлиб, қурилиш ишлари якунлангач, 15 та кўп қаватли уй ҳамда 5 та ижтимоий соҳа объектини мавсумий иссиқлик энергияси билан таъминлашга эришилади.
Вилоят “Иссиқлик манбаи” ДУК томонидан жорий йилги куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш ва уни беталафот ўтказиш мақсадида вилоятдаги барча қозонхоналарда жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилганлиги таъкидланаётган бўлса-да, улар хизматидан қониқмаётган аҳоли томонидан мурожаатлар кўп бўлмоқда. 2021 йил март ойида қурилиши бошланган РК-1 қозонхонаси иккинчи йилдирки, ҳануз ишга туширилгани йўқ.
Туркиянинг “Гуксан” компанияси лойиҳаси асосида бунёд этилаётган мазкур қозонхона тўлиқ ишга туширилса, Самарқанд шаҳрининг 9 маҳалласида жойлашган 92 та кўп қаватли уй, 8 та ижтимоий соҳа объектини иситиш мумкин.
Мазкур объектга борганимизда 50 нафар ишчидан фақат икки нафар монтажчи ишлаётганига гувоҳ бўлдик. Хориждан келтирилган замонавий ускуналар ўрнатилмасдан, бир четда тахланиб турибди. Насос ва сувни кимёвий тозалаш цехида ҳам шу аҳвол.
- Артезиан сув насосининг монтаж ишларини амалга оширяпмиз, - дейди монтажчи Равшан Суярқулов. – Ҳали қиладиган ишлар жуда кўп. Тахминан 15 кунлар ичида фойдаланишга топширамиз.
Устанинг гапларига ишонгимиз келади, бироқ бу ердаги ҳолатни кўриб, йил якунигача ҳам қозонхонани ишга туширолмасалар керак, деган ўйга борамиз. Чунки қозонхона ҳудуди ободонлаштирилмаган, тармоқ қувурлари уланмаган. Ҳалигача тегишли идоралардан табиий газ ва тоза ичимлик сувидан фойдаланишга рухсат олинмаган.
- РК-1 қозонхонасининг биноси, 3 та сув иситиш қозони ва унга ёрдамчи ускуналари ўрнатилиб, 15,4 километр масофага иссиқлик тармоғи ўтказилди, - дейди “Элит Грант” МЧЖ раҳбари Абдулла Бобоназаров. – Ер ости қувурлари ҳам ташлаб бўлинди. 92 та хонадондан 32 тасининг ертўласига иссиқлик тарқатиш пунктлари (ИТП) ўрнатилди. Бироқ муддатидан кечга қолаётганимизнинг сабаблари ҳам бор. Лойиҳада 42-умумтаълим мактаби ҳудудида иссиқлик тармоғи ўтказилиши керак эди. Аммо мактаб маъмурияти ўз ҳудудида ковлаш ишларини олиб боришимизга рухсат бермаяпти. Гагарин, Рудакий, Бағдод кўчаларида жойлашган айрим кўп қаватли уйларда яшовчилар ертўлаларга ИТП ўрнатишга қаршилик қилишмоқда.
Ҳудуд аҳолиси билан суҳбатлашганимизда, уларнинг кўпчилиги икки контурли индивидуал печь ёки электр иситгичлар орқали уйларини истишаётганини айтишди.
- Уйимизда 44 та хонадон жойлашган бўлиб, уй бошқаруви билан келишган ҳолда марказлашган иссиқлик қозонига уланмасликка қарор қилганмиз, - дейди Бағдод кўчаси 12-кўп қаватли уйда яшовчи С.Чернышева. – Чунки тармоқдан узилганимизга 15 йил ўтган бўлса, турли йўллар билан иситиб келамиз. Кимдир икки контурли печь ўрнатиб олган, яна кимдир электр печдан фойдаланади.
- Кўп йиллар марказлашган истиш тармоқлари ишламагани туфайли газ плита, қўлбола печлардан ҳам фойдаланиб, уйимизни иситиб келдик, - дейди Гагарин кўчаси 16-уйда яшовчи Р.Қувондиқова. – Вақти келганида кўмир ва ўтинни ғамлаб қўйдик. Янги замонавий кондиционер харид қилгач, уйимиздаги эски чўян иситиш батареяларини олиб ташлаганмиз.
- Иккинчи қаватда яшайман, уйимни таъмирлаганимга кўп бўлгани йўқ, - дейди Олтин аср маҳалласида яшовчи А.Араббоев. – Шу сабабли хонадонимдан “теплотрасса” ўтказишларини хоҳламайман, таъмири бузилади. Шу пайтгача ҳам арзон, ҳам қулай бўлган замонавий электр иситгичлардан фойдаланиб келганман. Энди бўлса, уйларимизни тешиб, иситиш батареяларини ўтказишмоқчи.
“Иссиқлик манбаи” ДУКга қарашли марказий қозонхонага 2 та янги иситиш қозони ўрнатиш кўзда тутилган. Яна битта янги модуль қозонхона қуриш лойиҳаси эса техник экспертизадан ўтказилди. Айни пайтда қурилишни олиб борувчи пудратчи корхона ўртасида тендер савдолари ўтказилмоқда.
Хуллас, Самарқанд шаҳрининг минглаб аҳолиси истиқомат қиладиган маҳаллалардаги кўп қаватли уйларнинг иситиш муаммоси бартараф этилади, дея умид қилганимиз қурилишига 65,5 миллиард сўм маблағ сарфланган РК-2 қозонхонасининг жорий йил ҳам ишга тушиши даргумон. Олдимизда эса қишнинг совуқ кунлари турибди. Агар вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ҳамда “Иссиқлик манбаи” ДУКдагилар, қолаверса, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари бу муаммога ечим топмаса, аҳоли мурожаатлари яна ҳам кўпаяди.
Дилмурод Тўхтаев.