Маъмурий қамоқ айрим тоифадаги шахсларга қўлланилмайди

А.ҲАМИДОВ,

Самарқанд тумани.

– Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида маъмурий қамоққа олиш уч суткадан ўн суткагача, фавқулодда ҳолат шароитида жамоат тартибига тажовуз қилгани учун ўт­тиз суткагача муддатга қўлланилиши мумкин.

2017 йил 9 январда қабул қилинган ва 2019 йил 10 январда кучга кирадиган "Маъмурий қамоқни ўташ тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 5-моддасига кўра, туман (шаҳар) суди маъмурий ишлар бўйича судьясининг қарори, фав­қулодда ҳолат режимида, шунингдек, ҳарбий комендантнинг ёки ички ишлар органи бошлиғининг қарори маъмурий қамоқни ўташ учун асос бўлади.

Маъмурий қамоқни ўташга маҳкум этилган шахс махсус қабулхонада, яъни ички ишлар органлари тизимига кирадиган, маъмурий қа­моққа олинган шахсларни қабул қи­лиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус муассасада сақланади.

Махсус қабулхонага келтирилган шахсга муассасага жойлаштирилган пайтдан бошлаб ўзи ҳақида адвокатга, қариндошларига ёхуд бошқа шахс­ларга телефон орқали қўнғироқ қилиш ёки хабар қилиш ҳуқуқи берилади. Агар чет эл фуқароси бўлса, унинг махсус қабулхонага жойлаштирилгани тўғрисида ёзма билдириш йигирма тўрт соатдан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига юборилади.

Ҳомиладор аёллар, уч ёшга тўл­маган фарзанди бор аёллар, 18 ёшга тўлмаганлар ва иккинчи гуруҳ ногиронларига нисбатан маъмурий қа­моққа олиш жазоси қўлланилмайди.

Саволга Каттақўрғон тумани маъмурий суди раиси

Санжар СОЛИЕВ жавоб берди.