Маҳаллаларда ҳоким ёрдамчиси кимга, қандай ёрдам беряпти?

Бу йил юртимиздаги маҳалла фуқаролар йиғинлари ташкилий тузилмаси ва фаолиятида бир қатор ўзгаришлар амалга оширилди. Маҳаллаларда ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли лавозимлари жорий этилди. Айни пайтда эса фуқаролар йиғини раиси сайлови давом этмоқда. Тез орада бу жараён ҳам якунига етиб, маҳаллалар янгича асосда иш олиб боради.

Албатта, бу янгилик ва ўзгаришлар, аввало, ҳудудлар ривожига хизмат қилиши, аҳоли турмуш тарзи, ҳаётида ўз аксини топиши лозим.

- Самарқанд вилоятидаги 1126 маҳаллада ҳам бугун тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга энг устувор вазифа сифатида қараляпти, - дейди Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғи Жамшид Ўроқов, - Жорий йилнинг тўрт ойида оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 8316 та жисмоний ва юридик шахсга 232,5 миллиард сўм кредит ажратилган. Шунингдек, 1444 та фуқарога 1,8 миллиард сўм субсидия берилган. Масалан, Каттақўрғон тумани Омонбойкўприк маҳалласи ҳоким ёрдамчиси Самариддин Ходиев тавсияси асосида маҳаллада яшовчи Абдуғаффор Шариповга металлни қайта ишлаш фаолиятини йўлга қўйиши учун “Агробанк” АТБ ҳудудий филиали томонидан 225 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилган. Ушбу фаолият йўлга қўйилиши ҳисобидан 8 нафар ишсиз фуқаро бандлиги таъминланди.

Алоҳида таъкидлаш лозим, тегишли банклар томонидан ажратилаётган микрокредитлар маҳаллада бирор фаолиятни йўлга қўйиш, шу билан оила аъзолари ёки 3-4 фуқаронинг бандлигини таъминлаш имконини беряпти. Масалан, Нуробод тумани Оқсой маҳалласи ҳоким ёрдамчиси Соҳибжон Тоғаев тавсияси билан маҳаллада яшовчи Амин Аксакаловга новвойлик фаолиятини йўлга қўйиши учун “Агробанк” ҳудудий филиалидан 3 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди. Ушбу кредит ва А.Аксакаловнинг 5 миллион сўм ўз маблағи ҳисобидан маҳалла марказида нонвойхона ишга туширилиб, оиласи даромад манбаига эга бўлди. 

Вилоятимизда ҳоким ёрдамчилари томонидан аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида олиб борилган ишлар натижасида 2022 йил апрель ойида 14 956 нафар аҳоли бандлиги таъминланди. Уларнинг 2 100 нафари доимий ишлар, 12 537 нафари ўзини-ўзи банд қилиш ва 319 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди.

Хусусан, Қўшработ тумани Қийқим маҳалласида ишсиз фуқаро Маҳбуба Аминова ҳунармандчиликнинг миллий либослар тайёрлаш фаолият тури бўйича давлат рўйхатидан ўтиши юзасидан кўмак сўраган. Ҳоким ёрдамчиси Абдурауф Исмоилов унга йўл-йўриқ кўрсатиб, фаолият бошлашига ёрдам берди. Натижада маҳалладаги 13 нафар ишсиз фуқаро ишли бўлди. Туманнинг Пичот маҳалласи ҳоким ёрдамчиси Азамат Рустамов кўмаги билан маҳаллада яшовчи Зебо Жўраева ҳамда Лола Тошназаровага тикувчилик ва тўқувчилик фаолиятини йўлга қўйиши учун маҳалла биносидан битта хона ажратилди. Натижада 3 нафар фуқаро бандлиги таъминланди, қолаверса, бу ерда ижтимоий дафтарларда 40 нафардан зиёд турувчи хотин-қизларга бепул касб-ҳунар ўргатилмоқда.

Бу ушбу тизимнинг самарали фаолиятини тасдиқловчи биргина туман мисолида эришилган натижалар. Вилоят миқёсида олганда, барча туманларда бу каби ишларни кўплаб мисол келтириш мумкин.