Маҳаллаларда муаммога ўрин қолмайди(ми?)
Аввал хабар берганимиздек, Самарқанд вилояти ҳокимлигининг тегишли йиғилиш баёнига асосан барча шаҳар ва туманлар учун масъул ишчи гуруҳлар тузилган. Ҳар бир ишчи гуруҳига вилоятдаги бошқарма ва ташкилот бошлиғи раҳбар этиб белгиланган.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вилоят бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, 449 нафар аъзоси мавжуд 57 та гуруҳ олис ҳудудларда аҳолининг турмуш тарзида учраётган муаммолар, саломатлигини ўрганиб, тегишли амалий ёрдам кўрсатиш чораларини кўрмоқда.
Оҳалик обод маскан бўлади
Самарқанд туманидаги шу номдаги маҳалла ҳудуднинг энг чекка гўшаларидан бири.
Ишчи гуруҳнинг ўрганишлари давомида 2100 метр таъмирталаб йўллар мавжудлиги аниқланган. Бугунги кунда 800 метр йўлга шағал тош ётқизилиб, текисланган.
Маҳалладаги 15 та оилага моддий ёрдам кўрсатилган. 7 та кам таъминланган оилага кўмир етказиб берилибди.
Коммунал хизмат кўрсатиш соҳасидаги муаммолар ҳам ишчи гуруҳнинг эътиборидан четда қолмади. Оҳалик маҳалласи ҳудудида мавжуд эҳтиёжлардан келиб чиқиб, 2 та трансформатор пункти етишмас экан. Бу масала режага киритилиб, 20 та маънан эскирган симёғоч алмаштирилган.
Бир рақамларки...
Маълумотларга кўра, 19 январь куни 79 та, шу пайтгача 178 та маҳалла фуқаролар йиғинида ўрганишлар ўтказилган. Ушбу маҳаллалардаги қарийб 70 минг хонадоннинг 23 мингдан кўпроғи ўрганилган. 6159 та муаммоли масалалари аниқланиб, 4716 таси ҳал этилган.
Ўрганилган 402 та ижтимоий соҳа ва бошқа объектларда мавжуд 255 та муаммоли масаланинг 180 таси ҳал этилгани, қувонарли албатта.
Ишчи гуруҳлар ўрганишлари давомида 44 та оммавий (сайёр) қабуллар ўтказилиб, 1389 нафар фуқаро қабул қилинган. Уларда 607 та муаммоли масала аниқланиб, 290 тасига ечим топилган.
Шунингдек, шу кунгача 958 километр йўлга шағал ётқизилиб, 2 километр йўл асфальтланган ва Қўшработ туманидаги битта кўприк таъмирланган. Дарвоқе, Қўшработ туманида бошқа туманлардан фарқли ўлароқ, ўта оғир шароитда яшаётган, ёрдамга муҳтож оилаларнинг уйларини таъмирлаб беришга алоҳида эътибор қаратилган. Вилоят бўйича бундай хонадонлар сони 42 та бўлгани ҳолда, тоғли туманда 39 тани ташкил қилмоқда.
Одамлар бугун бахтли яшаши керак
Рақамларга қараганда, ишчи гуруҳ ўрганишни бошлагандан буён 15368 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилган. Паст Дарғом туманида 22 та, Қўшработ туманида 23 та, вилоят бўйича 65 та ногиронлик аравачаси, протез-ортопедия воситалари, қўлтиқтаёқ берилган. Шунингдек, 1583 киши, жумладан, Самарқанд туманида 833 киши бепул дори-дармон билан таъминланган.
Бундан ташқари, 13 минг тоннадан кўпроқ кўмир, 32 минг 617 та газ баллонлари тарқатилган. Пахтачи туманида 3 та, Нарпай тумани ва Самарқанд шаҳрида 1 тадан йўналишли автотранспорт хизмати ташкил қилинган.
9 километр ичимлик суви қувури ва 9 та ичимлик сув насоси ўрнатилган. 195 та трансформатор пунктлари таъмирланган ва янгиланган, 265 та симёғоч бетон устунларга алмаштирилган.
Хулоса чиқарилиши зарур
Аслида қайд қилинаётган рақамларнинг ўзи жойларда тегишли хулосалар чиқаришга асос бўлади. Ўйлаймизки, мутасаддилар масаланинг бу томонига ҳам эътибор қаратишади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевнинг ёзишича, Тошкент шаҳри туманларидаги депутатларнинг ҳар бири 100 миллион сўм миқдоридаги маҳаллий бюджет маблағини йўналтириш имконига эга бўлибди.
Қолаверса, пойтахт туманлари маҳаллий бюджети тушумларининг орттириб бажарилган қисмидан маҳаллалардаги мавжуд муаммоларни жойида бартараф этиш учун ҳар бир маҳалла фуқаролари йиғини раисига 50 миллион сўмдан маблағ ажратилар экан.
Бизда ҳам айнан бўлмаса-да, шунга ўхшаш янгиликларни йўлга қўйиш фурсати келмадимикан?!
Ёқубжон МАРҚАЕВ.