Маҳмудхўжа Беҳбудий: “Икки эмас, тўрт тил лозим”
Беҳбудий жадид мактабларининг Бухоро учун зарурлигини, чунки у ҳам Россия тасарруфида эканлигини таъкидлаб, душманнинг тилини ўрганмай туриб, улардан халос бўлиш мумкин эмаслигини айтиб ўтади.
Юқорида изоҳланган мақолада рус тилини ўрганиш заруратини очиб берган бўлса, умуман, ҳар бир туркистонлик учун қандай тилларни билиш кераклиги ҳақида “Ойина” журналида ёзган “Икки эмас, тўрт тил лозим” (Ойина», 1913, 1-сон) мақоласида батафсил тўхталади:
“Биз туркистонликларга туркий, форсий, арабий ва русий билмоқ жоиздур. Туркий, яъни ўзбекини сабаби шуки, Туркистон халқининг аксари ўзбекча сўйлашур”.
Демак, ўзбек тилини билишнинг зарурлиги бу юртда кўпчиликнинг ушбу тилда гапириши, яъни аксарияти ўзбеклар бўлгани ва улар билан сўзлашиш учун кераклиги билан исботланяпти. Шу тариқа Беҳбудий бу тилларнинг нима учун зарурлигини изоҳлайди:
“Форсий бўлса, мадраса ва адабий тилидур. Бу кунгача Туркистонни ҳар тарафиндағи эски ва янги мактабларинда форсий назм ва насрий китоблари таълим берилиб келгандур.
Барча мадрасаларда шаръий ва диний китоблар арабий таълим берилса ҳам, мударрисларни таҳриру таржималари форсчадур.
Бу қоида, яъни дарс китоби арабий, муаллим туркий, таҳриру таржимони форсийлиги хийла ажибдур. Туркистонда эски амиру хонларни амр-фармойиши ва номалари доимо туркий, яна айни замонда, дорулқазо ва адабиёт таҳрирлари форсий ёзилар экан. Бу қоидалар зотан яхшидур. Аммо бора-бора ёинки кела-кела усули таълим ва китобатға аъмол пайдо бўлуб, ҳозир бир даражаға келибдурки, аҳли савод ёинки аҳли илмни юздан тўқсон тўққизи бу уч тилда мукаммал таҳрири адабийға молик йўқдур, яъни усули таълим ва тадрисни ислоҳ этмак керак. Ўтайлук, Туркистонни Самарқанд ва Фарғона вилоятларида форсча сўйлайдурғон бир неча шаҳар ва қишлоқлари бордур. Бухоро ҳукуматининг тили форсийдур.
Форс шоиру адибоси асарлари қиёматғача лаззати кетмайтурғон хазинаи маънавийдурки, мундин фойдаланмоқ учун овруполилар милийардлар сарф этарлар. Бизга саодатдурки, туркий ва форсийни таҳлилсиз биламиз. Ҳар туркни форсий ва ҳар форсни туркий билмоғи лозимдур” (ўша манба).
Беҳбудийнинг асли келиб чиқиши бу икки тил соҳибларига тааллуқли бўлмаса-да, ўзини улардан йироқ тутмайди. Ушбу тил соҳиблари билан баҳамжиҳат эканлигидан ор қилмайди. Бундай фикрни у “Туркестанские ведомости” газетасининг мухбири саволига берган жавобида ҳам таъкидлайди: “Боболаримиз араблардан бўлишган. Бунга кўп бўлган, яъни камида 100-200 йил илгари келишган бўлиши мумкин. Ҳозир бизнинг наслимизда арабчадан ҳеч нарса қолмади. Ўзимизнинг Самарқанд, Бухоро мадрасаларида ўқидим...”
Лекин туркий ва форсий лисоннинг иккаласига ҳам яхши, яъни мусулмон кўзи билан қарайди, ҳар бирининг заруратини сезади.
“Форсий билган киши Фирдавсий, Бедил, Саъдий, Румийдан қандай лаззат олса, туркий билганлар Фузулий, Навоий, Боқий - Сомий, Абдулҳақ Ҳомид, Акромбек, Саноий, Набий, Ножийлардан, яна Толстуй, Жулверн ва уламойи замоний асарини туркий таржимасидан шундай лаззат оладур. Фаранг ва рус донишмандларидан фойдаланмоқ туркий ё русий ва фарангий билмоқ ила мумкин бўлур. На учунки, бугун Усмонли, Қозон ва Кавказ турклари замона уламоси асарини туркийға таржима қилиб кўпайтурғондурлар. Яъни, туркий билган киши замонни билур. Турк тилиға ҳар бир нафълик китоблар барча тилдан таржима бўлгандур. Араб маданияти юнони Суқрот, Буқрот, Афлотунлардан фойдаланганидек, замони ҳозира маданияти Толстуй, Жулверн, Киплер, Коперник, Ниютонлардан фойдаланур”.
Беҳбудий айтмоқчи тўрт тилнинг охиргиси рус тили эди. Биз қуйида келтириладиган кўчирмага эътибор берсак, англаймизки, рус мустамлакачилари хоҳлаган йўл, яъни ўз тарихимизни унутиб, фақат рус тарихини ўқишимиз учун рус тили керак, деган хулосадан йироқ фикр айтилади: “... русийни сабаби шулки, биз Руссия табааси ва гражданимиз. Руслар ила баробар ҳуқуқий, маданияти ва мулкияга моликмиз. Аммо беистеъдодлигимизга таассуф қилурмиз. Бонку саводхонлар, суд маҳкамалари, нотарйус, темирйўл, хулоса замонни пайдо қилган ҳар бир нимарсаларга муҳтож бўлсак, аввалғи қадамда русча билмак лозим келур”.
Бундан илгарироқ ёзилган “Мунозара” ҳақинда” мақоласида қисман шу мулоҳазаларни айтган бўлса ҳам, кейинги мақоласида тилларни билиш зарурлиги тўғрисида яхлит фикрнинг бағрида берилади. Беҳбудий русчанинг айнан ҳаёт учун зарур жиҳатларини алоҳида таъкидлаганди: “Бизга лозимки, ўз нафъимиз русча билайлук, ҳукумат мактабларида ўқуйлук, давлат мансабларига кирайлук. Ватанимизға ва динимизға хизмат этайлук. Мусулмон бўлуб тараққийлашайлук. Бу замон тижорат иши, саноат ва мамлакат ишлари, ҳатто дини ислом ва миллатға хизмат русча илмсиз бўлмайдур”.
Беҳбудий “мусулмон бўлуб” қолиб, русча илмни олмоқ миллат ва динга хизмат эканлигини англатади. Мисол тариқасида у ўша пайтда истеъмолга кириб келаётган Дума ҳақида гапириб, русча билганлар халқ ва миллат учун фойда беришларини ёзади: “... масалан, бу кунги (подшоҳлик дума)ға ўз дини ва бизга миллатимиз нафъиға сўзламоқ бизлар учун мумкин бўлур. Аммо анда бориб сўйлагувчи киши бизға йўқ. Анда бориб нафъи ватан ва миллатға сўйламоқ учун Руссия мамлакатларида бир ўн сана ўқимоқ керак. Замондин, қонундин хабардор бўлмоқ керакдур. Хулоса, бугун бизларға тўрт тилға таҳриру тақрир этгувчилар керак, яъни арабий, русий, туркий ва форсий. Арабий тил дин учун лозим бўлса, русий ҳам тириклик ва дунё учун лозимдур. Арабийни билмасак — дин, русийни билмасак — дунё қўлдин кетар, туркий ва форсийни кераклигига сўз йўқдур. Яна бир тил ва хат борки, бутун олам бир-бири ила анинг ила суйлашур. Ул Франсия тили ва хатидур. Ғайридиннинг илм ва хатини ўрганмоқ шариатга дурустдур” («Ойина», 1913, 1-сон).
“Мунозара” ҳақинда” мақоласида русчани ўрганмоқнинг зарурлиги ҳақида тушунтиргач, бу гапни Туркия шайхулисломи ҳам айтганини ва буни эшитган юртдошларимизни гувоҳ сифатида даврага тортганди. Асосий мақсад эса тил ўрганмоқликнинг мусулмончиликка зарари бўлмай, балки фойдали жиҳатларини кўрсатиш керак эди. Мана, орадан икки йил ўтиб ёзилган мақолада Беҳбудий Туркия Шайх ул-Исломининг ўрнига “шариат рухсат берганлиги” ва Муҳаммад пайғамбар ҳадисларини асос қилиб олади: “Ҳадиси шарифдан маълум бўлурки, жаноб пайғамбаримиз ўз саҳобаларидан Зайд ибн Собитга яҳудий хатини ўқиб ўрганмоққа буюрган эканлар ва ул жаноб амри ва ҳазрат нўбувват паноҳи ила яҳудий хатини ўрганиб, ҳазрат пайғамбаримизға яҳудийлардан келатургон хатларни ўқиб берар эканлар...”
Беҳбудийнинг бу галги асоси жуда катта қудратга эга эди. Буни билган мақоланавис шиддатли хулоса чиқаради: “Ҳолбуки, ул зоти бобаракот пайғамбаримиз қуввати ҳокима эгаси эдилар. Яҳудийлар маҳкум ва тобеъ эдилар. Алан Руссия ҳоким, бизлар анга тобеъ ва ўз тириклигимиз учун алар хатини билмоқ зарур ва ҳадиси шариф далолатинча, дурустлиғиға жойи инкор бўлмаса керак”.
Ҳадиси шариф, ундаги душман тилини ўрганишдан келиб чиқадиган манфаат ҳар қандай илм кишисини ҳушёр торттириши табиий бир ҳолдир. Бу публицистнинг кўп ўқиганлиги, билим доирасининг кенглигига яна бир асос ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтишимиз мумкинки, Беҳбудий тил ўрганишни, билишни миллатни тараққиётга элтадиган зарур воситалардан бири деб билади.Унинг ўзи юксак маърифатли инсон бўлган. Қуръонни ёддан билган, ҳадисларни ўрганган, араб, форс тилларини мукаммал билган. Шунингдек, рус тилини ўрганган, ҳатто француз тилини ҳам ўрганишга ҳаракат қилган, дунё фалсафасини кузатган, китоблар ёзган, қисқаси, бошқаларга ибрат бўлиб яшаган.
Ҳалим САИДОВ,
филология фанлари доктори, профессор.
(Давоми бор)