МАҲЗУН ЙИЛ: Инсон кўникувчан ва шу билан бирга иродали экан…

Ўтаётган ҳар бир йил эришилган ютуқлар ва амалга оширилаётган улкан ишлар, тарихий ўзгаришлар билан ёдда қолади. Бироқ бу йил нафақат мамлакатимиз ҳаётида, балки бутун дунёда ниҳоятда синовли кечмоқда. Янги Ўзбекис¬тон учун бу йил анчайин маҳзун…

Негаки, бутун дунёни алғов-далғов қилган, инсониятни ғам-қайғуга солиб, тинч-осойишта ҳаётини издан чиқарган пандемия балоси ҳар жиҳатдан давлатларнинг, бани Одамнинг иродасини синовдан ўтказмоқда.

Кексаларимиз «Бало-қазодан Ўзи асрасин…» деб бежиз айтишмас экан. Коронавирус балоси шу йилнинг март ойида юртимизга кириб келган бўлса, баҳорда кетма-кет иккита фалокат юз берди. Бири – Олот ва Қоракўл туманларида кучли шамол-тўфон келиб, аҳоли турмуш тарзига катта зарар етказгани бўлса, иккинчиси – Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши…

Бу халқимиз ва мамлакатимиз учун катта йўқотиш, офат бўлди. Шукр-ки, Президентимиз томонидан олиб борилган тезкор чора-тадбирлар, раҳбарлар ва халқимизнинг ўзаро ҳамжиҳатлиги, бирдамлиги, уюшқоқлиги сабаб бу офатлар бартараф этилди. Халқ бирлашса, ҳар қандай муаммони бартараф этиш мумкинлиги исботланди. Қанчадан-қанча хайр-саховат ишлари амалга оширилди. Талофат кўрган туб жой аҳолиси тез орада синовли кунлардан қутилиб, ўз уйларига қайтди, шукронаси орт¬ди. Аммо пандемия балоси ҳадеганда жиловни қўлдан бермаяпти…

Шу ўринда мўмин-мусулмонлар хаёлида бирданига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидаги «Маҳзунлик йили» деб ном олган воқеа гавдаланади. Бир йилда Пайғамбаримиз алайҳиссаломга нисбатан ҳар тарафлама бўлаётган зулм, озор, истибдодлардан у зотни ҳимоя қилаётган икки буюк шахс (Ҳадича розияллоҳу анҳо ва Абу Толиб) дунёдан ўтади. Улардан бири амакилари Абу Толиб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламни асосан жисмоний ва сиёсий зўравонлик, тажовузкорлик ҳамда зулм-у ситамлардан ҳимоя қилса, Ҳадича онамиз розияллоҳу анҳо эса у зотни маънавий, руҳий ва иқтисодий тарафдан тўлиқ қўллаб-қувватлаб, далда бўлиб турар эдилар. Гўёки бу икковлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки қанотлари эди. Бир йилнинг ичида у зот алай¬ҳиссалом ҳар иккала суянчиқларидан айрилиб қолганлари туфайли шу йилни «Маҳзунлик йили» деб атадилар…

 Мулоҳаза қилинса, қайсидир маънода ўтаётган 2020 йилни ҳам маҳзун йил де¬йиш мумкин. Иккита офат ва пандемия балоси мамлакат ва аҳоли иқтисодиётига, ҳаёт тарзига ўз таъсирини кўрсатди. Йўқотишлар бўлди… Аҳолининг турмуш тарзи, саломатлиги, ёшларнинг таълим олиши мураккаблашди, иш шароитлари ўзгарди, фаолият турлари ва шакллари алмашди. Пандемия шароити давлатлар олдига кутилмаганда улкан тўсиқлар қўйди. Аммо инсон – олий мавжудот! У ҳар қандай шароитда ҳам ўз йўлини топа олади. Жумладан, мамлакатимиз ҳам секин-аста бу машаққатларни енгиб ўтмоқда. Давр тақозо қилган талабларга мослашиб, халққа енгиллик яратишнинг янги-янги чораларини ишлаб чиқмоқда, ҳаётни ўзгартирмоқда. Зарурар бўлмаса уйдан чиқмаслик, ниқоб тақиш, кўча-кўйда, умуман ҳаёт тарзимизда ижтимоий масофа сақлаш, ўзини иҳоталаш, масофадан туриб ишлаш, хат-ҳужжат ишларини онлайн юритиш ва шу каби бошқа тартиблар одамларнинг кундалик одатларига айланди.

Ўтаётган синовли кунлар, ойлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, ушбу вирус билан бирга яшашга, унга мослашишга мажбур бўляпмиз ва ҳозирча бундан ўзга йўл топилгани йўқ. Пандемия жамият ривожининг янги йўналишларини кашф этишга, «тортиб олган»лари ўрнини муқобиллари билан тўлдиришга мажбур қилмоқда ва бу билан инсониятга яхшигина «дарс» бермоқда.

Пандемия бизга вақтни тежашни ўргатди. COVID-19 корхона ва муассаса ходимларини уйидан туриб, масофадан ишлашга ҳам одатлантирди.

Иш вақти эмас, иш ҳажми муҳимлигини кўр¬сатди. Бугун Ўзбекистон шароитида ҳам ходимларнинг масофадан ишлаш тизимини такомиллаштириш талаб этилмоқда. Ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган давлат ва хусусий секторда ишни масофадан ташкил қилиш мумкин эканини вазиятнинг ўзи исботлади.

Масофавий таълим. Пандемия ўзгаришга мажбур қилган ва энг катта синов бўлган муҳим соҳалардан бири, шуб¬ҳасиз, таълим тизимидир. Боғча, мактаб, коллежу лицей, университет - барчасида масофавий таълимга ўтилмоқда. Бу фақатгина чора эмас, давр талаби ҳамдир. Негаки, карантин шароитидан олдин ҳам аксар ривожланган давлатларда масофавий таълим уларнинг кундалик ҳаёт тарзига айланиб улгурган эди. Аммо бу жараён ҳар бир давлатнинг таълимни бу шакл¬да олиб боришда тайёргарлик даражаси билан боғлиқ. Айрим давлатларда бунга ресурс ҳам, имконият ҳам етарли. Бироқ сира кутилмаганда пандемия шароити кўп давлатларнинг таълимни масофадан туриб олиб боришга тўлиқ тайёр эмаслигини аён қилиб қўйди. Бизда ҳам шу муаммо бор...

Яна бир муҳим гап: пандемия сиз-у бизга айрим умумбашарий ҳақиқатларни эслатди:

- Ўлим ҳақ!

- Ожизмиз…

- Мол-дунёга анча меҳр қўйганмиз…

- Заиф ва ожизмиз…

- Дабдабага ўч эканмиз, аслида тўй ва бошқа маросимлардаги сохта обрў-эътибор соғлигимиз олдида бир пулга қиммат экан…

-  Ижтимоий ҳаёт - эмин-эркинлик буюк неъмат экан. -  Қўл ювишда ва покланишда кўп суннат амалларни унутибмиз…

- Инсон кўникувчан ва шу билан бирга иродали экан…

-  Ҳаёт мазмуни бойликда эмас, хотиржамликда экан…

- Тани соғлик - туман бойлик экан…

Бир қарашда қалб кўзимиз очилгандек… Тилагимиз тез орада бало тўлиқ даф бўлиб, олий мақсадга олиб борувчи барча йўлларимиз очилсин. Қалбимиздаги ҳузун - маҳзунлик ўрнини хуррамлик эгалласин. Бегим кунлар қайтиб, халқимиз тинч-омон, соғ-саломат ва хотиржам ҳаёт кечирсин. Бу кунлар худди Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳаётларидаги «Маҳзунлик йили» каби бир хотира бўлиб қолсин…

Холиёр САФАРОВ, ёзувчи.