Мактаб битирувчилари олган 6 йиллик баҳоларнинг ўртача кўрсаткичи ОТМга кириш имтиҳонларида инобатга олинади

Бу ҳақда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди. Вазирнинг таъкидлашича, бу — Президент топшириғи ва фармон лойиҳасида ўз аксини топади.

«Ўқувчи мактабда 11 йил ўқияпти, лекин тақдири бир кунда ҳал бўляпти. Балки ўша куни касал бўлгандир, балки яхши ухламагандир. Шу боис Президентимиз бу бўйича топшириқ берган, ўқувчиларнинг мактабда олган баҳолари, яъни охирги олти йиллик натижалари инобатга олинади”.

Қайд этилишича, 7-синф битирувчиларини профессионал ташхислаш орқали касбий мойиллиги аниқланади. Умумтаълим мактаби ўқувчилари учун кичик мутахассисликлар бўйича қисқа муддатли курслар ташкил қилинади, мактаб битирувчилари шуғулланиши мумкин бўлган касб ва лавозимлар белгиланади.