Мактаб – энг ҳалол маскан бўлиши керак

Таълим-тарбия, билим бериш-ку майли, аммо бошқа масалалар, болаларни ҳунарга қизиқтириш дейсизми, ё уларнинг соғлом овқатланишими, ишқилиб, ўқувчи билиши лозим бўлган кўплаб нарсаларни ўргатиш ҳақида гап кетганда бу ўқитувчининг вазифаси, деб айтишга ўрганиб қолдик. Ҳатто боланинг мактабдан кейинги вақтида содир этган хатти-ҳаракатларига-да, баъзида ўқитувчи айбдор бўлиб қолган ҳолатларни кузатамиз. Айтмоқчиманки, ўқитувчига нисбатан талаб кўп, аммо шароит, муҳитчи?

Шароит ҳақида, умумтаълим мактабларида камчиликлар ҳақида жуда кўп мақолалар эълон қилинган, фикрлар билдирилмоқда. Аммо қизиғи, таълим муассасаларида бўлганимизда шароити унчалик зўр бўлмаса-да, аммо шижоат билан ишлаётган, ўқувчилари муваффақиятга эришаётган таълим муассасалари борлигини кузатганмиз. Бу билан шароитни яхшилаш шарт эмас, демоқчимасмиз, асло.

Биз тилга олмоқчи бўлган мавзу шароит зўр бўлса-да, аммо ўқитувчиларнинг иш фаолиятига, шижоатига салбий таъсир кўрсатадиган, ҳатто уларда лоқайдликни шакллантирадиган мактабдаги маънавий муҳит ҳақида.

Инсон шундай яралганки, эҳтимол моддийлик, шарт-шароит қайсидир маънода унинг иш фаолиятига кўпам таъсир қилмас, аммо атрофидаги муҳит, жамоадаги кайфият шижоат билан ишловчи ҳар қандай ходимнинг ишига ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Дарвоқе, қуйидаги фикрларнинг ҳаммаси бир гуруҳ ўқитувчилар билан мулоқотдан олинган, уйдирма эмас.

- Мисол учун бизнинг мактабда ошхонамиз фақат тушлик пайтидагина ишлайди, - дейди Булунғур туманидаги ўқитувчилардан бири. – Сабаби, ошпаз ҳам, ошхона эгаси ҳам директорнинг қариндошлари. Қолаверса, улар мактабда ўқитувчи. Айни тушлик пайтидагина ошхонага тушиб, тайёр маҳсулотларни сотишади, тамом-васалом. Ошхонада иссиқ овқат ва бошқа қулайликлар ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Лекин булар ҳақида ҳеч ким юрак ютиб, директорга гапира олмайди. Чунки унга ёмон кўринишни истамайди.

- Бизнинг мактабда эса ўқитувчилар мукофот пуллари ким олишини олдиндан билади, - дейди яна бир ўқитувчи. – Чунки директор атрофидаги ўқитувчиларгина мукофот пули олишини билмайдиган одам йўқ, ҳисоби. Бунга ҳеч ким эътироз билдирмайди, чунки бошқа мактабдаги ҳамкасбларимиз билан гаплашганимизда уларда ҳам аҳвол шундайлигини эшитганмиз.

- Сиз-ку, мукофот пулини айтасиз, яқинда бир директор мактабда ишламайдиган қанчадан-қанча аёлларга туғруқ пули чиқартириб бергани ошкор бўлиб қолди, - дея куюниб гапиради яна бир ўқитувчи. – Раҳбарнинг иши судда кўрилди, жаримасини тўлаб, яна мактабга қайтди ишга, директор бўлиб эмас, директор ўринбосари бўлиб. Хўш, бундай ҳолатда кишида адолатга нисбатан ишонч қоладими?

Маънавий муҳит ҳақида гапирилганда кўпроқ адолатли муносабат назарда тутилаётганини муштарий  ҳис қилган бўлса керак. Афсуски, юқоридаги каби мисоллар саноқли эмаслиги учун ҳам қоғозга тушаётир. Муаммони бартараф этишда биргаликда курашишимиз керак, деган сийқаси чиққан фикрни ҳам айтиш ножоиз. Тегишли мутасаддилар бу ҳолат бўйича жиддий чораларни кўриши лозимлиги аёнлашиб бораяпти.  Айниқса, қишлоқ ҳудудларида мактаблар ягона маърифат, маданият, қолаверса, ижтимоий муассаса, одамлар ишонган, ҳамма йиғиладиган, жамиятдаги барча жараёнлар муҳокама этиладиган, асосий тадбирлар ўтказиладиган жой. Бундай жойда ҳалоллик, адолат ҳукм сурмас экан, жамиятнинг кейинги босқичларида буни талаб қилиш бекор. Айни шу масканларда ҳақиқат бирламчи зиё бўлмас экан, биз кутган ривожланиш ҳам ўз ўзанида айланиб юраверади.

Гулруҳ МЎМИНОВА.