Мамлакатимизда коронавирус бўйича вазият ҳали мураккаб. Рамазон ҳайити байрамида ушбу тавсияларга амал қилиш лозим
АОКАда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Нурмат Отабеков иштирокида брифинг ўтказилди.
Унда Н.Отабеков Рамазон ҳайити байрамидан сўнг касаллик кўрсаткичлари кескин ортиб кетишининг олдини олиш, қолаверса ҳар биримиз касалланиб қолишдан ўзимиз ва яқинларимизни асраш учун ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, антисептик воситалардан фойдаланиш ҳамда ушбу тавсияларга амал қилиш лозимлигини таъкидлади.
📎 Биринчидан, ИИВ, Миллий гвардия, Санитария-эпидемиология хизмати, маҳалла посбонларини жалб қилган ҳолда барча жойларда ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш, қўлларни антисептиклар билан зарарсизлантириш тадбирлари назоратини кучайтирилганлигини ва аниқланган қоидабузарликларга нисбатан кескин чоралар кўрилишини унутмайлик;
📎 Иккинчидан, оммавий ва бошқа турли йиғинларни иштирокчилар сонини чегаралаган ҳолда (100 кишидан ортмаган миқдорда ёки бино сиғимининг 50 фоиз қисмидан фойдаланиб ёки бундай тадбирларни очиқ майдонлар ва мосламалардан фойдаланган ҳолда ўтказиш) ташкил этилишини таъминлаш;
📎 Учинчидан, масжидларда Ийд-рамазон ҳайит намоз тадбирларини ўтказишда масжиднинг ёпиқ иншоотларидан фойдаланмаслик ва масжиднинг очиқ ҳаводаги майдонларида оралиқ масофани сақлаган ҳолда жамоа намозларини ташкил этиш ҳамда хавф гуруҳига мансуб 65 ёш ва ундан катталар, шунингдек ёш болалар, мактаб ўқувчиларини ушбу тадбирларда иштирокини камайтиришга эришиш;
📎 Тўртинчидан, Ҳайит намозига ташрифларда жамоат транспортлари сиғимининг 50 фоизи миқдорида йўловчилар ташишига эришиш, ушбу мақсадда йўналишли транспорт воситалар сонини ошириш ҳамда охирги бекатларда дезинфекция-тозалаш ишларини амалга оширилишини таъминлаш;
📎 Бешинчидан, аниқланаётган касалланишларнинг 70-75 фоизи уйдаги мулоқотда юқаётганлиги ҳамда беморларнинг 50 фоизидан кўпроғи уй шароитида даволанаётганлигини инобатга олиб, уй шароитида даволанишга олинганларнинг хонадонларида карантин қоидаларига риоя қилишлари, ушбу хонадонларга бошқаларнинг ташрифларига йўл қўймаслик;
📎 Олтинчидан, уй шароитида даволанаётганлар ва улар билан мулоқоти туфайли карантинга олинганларнинг масжидларга Ҳайит намозларига чиқишларига йўл қўймаслик;
📎Еттинчидан, Ҳайит байрами тадбирлари ўтказиладиган жойларда савдога чиқариладиган озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлиги устидан назорат ўрнатиш, хавфсизлиги кафолатланмаган, уй шароитида тайёрланган тез бузилувчи ва кремли қандолат маҳсулотлари билан савдо қилишни қатъиян тақиқлаш;
📎 Саккизинчидан – мамлакатимизда коронавирус бўйича вазият ҳали мураккаб бўлиб турганлигини унутмайлик, деди Нурмат Отабеков.