Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда
Сенатнинг саккизинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун муҳокама қилинди.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда коронавирус инфекцияси нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунё ҳамжамиятига жиддий хавф солмоқда. Давлатимиз, ҳукуматимиз бу хатарни ҳар томонлама ҳамда тезроқ бартараф этиш учун барча зарур чораларни олиб бормоқда.
Албатта, миллий Парламентимиз ҳам бу борада таъсирчан чораларни кўрмоқда. Бу эса ўз навбатида, миллий қонунчилик базасини такомиллаштириш заруратини юзага келтирмоқда. Зотан, фуқароларни белгиланган ҳар қандай тартиб, қоида ҳамда хавф-хатарнинг олдини олишга йўналтирилган комплекс чораларга риоя қилмаслик ёхуд уларни бузганлик учун жавобгарликка тортиш ҳамда уларга жазо қўллаш фақат қонун билан белгиланган нормаларга асосан амалга оширилади.
Қонун билан киритилаётган ўзгартишларга асосан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда назарда тутилган эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш маъмурий ҳуқуқбузарлиги учун маъмурий жазо қўллаш ваколатини Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати билан бир қаторда, ички ишлар органларига ҳам бериш назарда тутилмоқда.
Шоҳрух МИРЗААҲМЕДОВ,
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьяси.