Маъмурий суддан муносабат: “Уй-жой фермер хўжалиги ҳудудида қурилгани сабабли фуқаро уйига берилган ҳоким қарори бекор қилинган”

Аввалроқ сайтимизда эълон қилинган “Ҳоким қарори, кадастр, давлат рўйхати бор, аммо уй ноқонуний” сарлавҳали мақолада Иштихон тумани Барлос маҳалласида яшовчи Малика Наврўзованинг яшаб турган уй-жойи суд қарори билан олиб қўйилаётгани тўғрисида сўз юритилган эди.

Самарқанд вилоят Маъмурий суди раиси Т.Файзиев имзоси билан мақолага муносабат билдирилди.

“Самарқанд туманлараро маъмурий судига аризачи “Болқи” фермер хўжалиги раиси Ҳ.Тиркашева судга ариза билан мурожаат қилиб, Иштихон тумани Соҳибкор МФЙ, Болқи қишлоғида жойлашган уй-жойда яшовчи фуқаро Илҳом Наврузовнинг 1,14 га ер участкасининг 0,15 га қисмига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи бериш тўғрисидаги туман ҳокимининг 2019 йил 11 июлдаги 5186-Қ сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Суд ҳужжатларига кўра, Иштихон туман ҳокимининг 2019 йил 16 февралдаги 1527-Қ-сонли қарорига асосан фуқаро Ҳабиба Тиркашеванинг “Болқи” фермер хўжалигига қўшимча равишда “Қўрлисой техникалари агрофирма” ҳудудидаги жами 36,45 гектар ер майдони қўшимча равишда ажратиб берилган.

“Болқи” фермер хўжалиги ва Иштихон туман ҳокимияти ўртасида 2019 йил 26 февралда ижара шартномаси тузилган бўлиб, ижара шартномаси 638-сон тартиб рақам билан рўйхатдан ўтказилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги 2018 йил 20 апрелдаги ПФ-5421-сонли Фармони асосида Иштихон туман ҳокимининг 2019 йил 11 июлдаги 5186-қ сонли қарори билан Соҳибкор МФЙ, Болқи қишлоғида жойлашган уй-жойда яшовчи фуқаро Илхом Наврузовнинг 1,14 га ер участкасини 0,15 қисмига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи белгиланган. Мазкур ер аслида фермер хўжалигига ижара ҳуқуқи асосида ажратилган ер майдонида жойлашган.

Ушбу ер участкасида жами қурилиш ости майдони 98,80 кв.метр, умумий фойдали майдони 69,50 кв.метр, шундан яшаш майдони 33,66 кв.метр, яшаш хоналар сони 2 тани ташкил этадиган биноларига нисбатан мулк ҳуқуқи эътироф этилган.

Суднинг 2023 йил 2 майдаги ҳал қилув қарори билан Иштихон туман ҳокимининг 5186-Қ сонли 2019 йил 11 июлдаги қарори қуйидаги асосларда ҳақиқий эмас деб топилган ва аризачининг аризаси қаноатлантирилган:

1. Ер кодексининг 27-моддаси биринчи қисмига кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳар бир оилага 0,06 гектаргача ер участкалари берилади.

Низоли бўлган туман ҳокимининг  2019 йил 11 июлдаги 5186-Қ сонли қарори билан эса мазкур қонун талабларига зид равишда фуқаро И.Наврузовга 0,15 гектарга мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи белгиланган.

2.Ер кодексининг (2019 йил 11 июлда амалда бўлган) 43-моддасига кўра, қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун бериб қўйилган ёки ана шу мақсадлар учун белгиланган ерлар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар ҳисобланади.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни қишлоқ хўжалигидан ўзга эҳтиёжлар учун бошқа тоифадаги ерларга ўтказишга алоҳида ҳолларда ушбу Кодекс ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ йўл қўйилади.

Низоли бўлган туман ҳокимининг  2019 йил 11 июлдаги 5186-Қ сонли қарори билан эса мазкур қонун талабларига зид равишда фуқарога қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонининг 0,15 қисмига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи белгиланган.

3. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 июндаги қарори билан тасдиқланган Низомнинг 27-бандига мувофиқ, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасида қурилган иморатлар шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини бузиб қурилган бўлса, унинг сақлаб қолиниши бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузса ёхуд фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирса, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи эътироф этилмайди.

Туман ҳокимининг 5186-Қ сонли қарори билан И.Наврузовга 0,15 га мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи белгиланган ер участкаси қишлоқ хўжалиги харитасининг 236-контурида жойлашган бўлиб, “Болқи” фермер хўжалигига туман ҳокимининг қарори ва ижара шартномасига асосан ғаллачилик ва узумчилик йўналишида фойдаланиш учун 49 йил муддатга ижарага берилган.

Фуқаролик кодексининг 12-моддаси 1-қисмига кўра, давлат органининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳамда фуқаронинг ёки юридик шахснинг фуқаролик ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжати суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Иштихон туман ҳокимининг 2019 йил 11 июлдаги 5186-қ сонли қарори қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ва аризачининг ҳуқуқ ва манфаатларини бузган ҳужжат ҳисобланади.

Мазкур иш Самарқанд туманлараро маъмурий судининг 2023 йил 2 майдаги ҳал қилув қарорига нисбатан И.Наврузов томонидан берилган апелляция шикояти асосида апелляция инстанциясида 2023 йил 20 июнда кўрилиб, биринчи инстанция ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Норози тарафларга Ўзбекистон Республикаси Олий судига кассация тартибида шикоят қилиш ҳуқуқи тушунтирилади”, дейилади вилоят маъмурий суди муносабатида.

***

Давлат раҳбари имзолаган ҳужжат асос эмасми?

Туман ҳокимининг 2019 йил 16 февралдаги қарори билан фермер хўжалигига 36,45 гектар ер майдони қўшиб берилган. Уй-жойнинг ноқонуний деб топилишига биринчи сабаблардан бири уй-жой жойлашган майдон фермер хўжалиги тасарруфидаги ер ҳисобланади. Лекин мурожаатчи ерни 2014 йилда олганлиги ва 2017 йилда уй қурганлигини даъво қиляпти. Ҳокимлик ва соҳа масъуллари ерни фермер тасарруфига ўтказишдан олдин жойни ўрганмаганми? Мурожаатчи уй қурган, ток эккан, парваришлаган, қолаверса, фермер хўжалиги раҳбари билан шерикликда артезиан қудуқ ўрнатган. Шунча иш бўлгунча фермер нега ерга даъво қилмасдан, узум ҳосилга кирганда суд орқали уй-жой ноқонуний, деб топилмоқда. Бунинг устига, фермер уйни ўзи қурдирганини даъво қилмоқда, энди эса буздирмоқчи. Ўртада адоватнинг илдизи кўриниб қолмаяптимикан?

Ҳудуд лалми майдон бўлгани ва ишсизлик юқори бўлгани учун аҳолининг асосий даромади узум ҳосилига боғлиқ. Шу боис ҳудуддаги аҳолининг ер участкалари 0,80 гектардан 1- 1,5 гектаргача етади.

Унда ҳудуддаги барча уйлар ноқонуний ҳисобланадими? Энди савол туғилади: Юқоридаги муносабатда "Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни қишлоқ хўжалигидан ўзга эҳтиёжлар учун бошқа тоифадаги ерларга ўтказишга алоҳида ҳолларда ушбу кодекс ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ йўл қўйилади", дейилган. Бу борада давлат раҳбари имзолаган умумдавлат акцияси ўтказилишига доир ҳужжат асос эмасми?

Президент фармони билан белгиланган тартиб суднинг қарори билан бекор бўляпти. Қолаверса, амалдаги қонунчиликка кўра, уй-жойга эгалик қилиш учун керак бўлган барча ҳужжатлари бўла туриб, бир оиланинг яшаб турган уйи ноқонунийга чиқарилган. Яна мардикор, камбағал аҳолининг уйи бузиляпти? Бу одамларни янада камбағаллаштиришми ёки давлатга ишончсизликни орттиришми?

Янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизда инсон манфаати биринчи ўринга қўйилган. Қонунларнинг инсонпарвар бўлиши назарда тутилган. Борди-ю, давлат ва шахс манфаатлари тўқнаш келганда, шахсга устуворлик берилиши кўп таъкидланди.

Афсуски, юқоридаги мурожаат ва унинг натижаси бунинг аксини кўрсатаётгандек. Тўғри, қонунларда аниқ тартиблар белгиланган, аммо ҳаётдан, амалиётдан келиб чиқиб, уларга ўзгартириш киритиш, одамлар учун қулай, адолатли тартиб белгилаш мумкин-ку.

Таҳририят.

***

Ушбу мақола Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.