Иштихон тарихи музейида машҳур немис фотографининг асарлари борлигини биласизми?

“Миллий тикланиш” демократик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ва маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатлар шу кунларда юртимиздаги мавжуд музейлар фаолияти билан танишиб, у ерда яратилган шарт-шароитларни ўрганмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шерзод Тўхташев ҳамда халқ депутатлари Иштихон тумани Кенгаши депутатлари шу мақсадда тумандаги Иштихон тарихи музейида бўлишди. Ишчи гуруҳ ташриф давомида музей фаолияти, экспонатларнинг турлари ва кўлами, уларнинг сони, имконияти чекланган шахслар учун яратилган шароитларни кўздан кечирди.

2020 йилда ташқи фасади жорий таъмирдан чиқарилган музей биносида яратилган шароитлар ёмонмас. Муҳими, бу ерда имконияти чекланган шахсларнинг ҳам бемалол келиб музейни томоша қилишлари учун махсус йўлаклар, яъни пандуслар ташкил қилинган. Яқин кунларда махсус аравачаларда хизмат кўрсатиш ҳам йўлга қўйилиши кўзда тутилган.

Фондида 1378 та экспонат мавжуд бўлган мазкур музей - тарих, табиат, этнография, мустақиллик ва кўргазма каби залларни қамраб олган. Заллардаги экспонатларни ишончли сақлаш учун шароитлар яратилган, аммо бугунги кун талаблари даражасида эмас. Депутатлар бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш, соҳага замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш зарурлигига алоҳида урғу қаратишди.

– Ғарб инсонларининг тарихимиз, урф-одатларимизга бўлган қизиқишлари мени ҳайратда қолдирди, – дейди Шерзод Тўхташев. – Иштихон туман тарихи музейида машҳур немис фотографи Уелрих Киллернинг “Ўзбек аёлининг маданияти” асари ўрин олган экан. Унда аёлларимизнинг меҳмон кутиш маданияти, тўй-маросимларда ўланлар, лапарлар айтиш жараёни ўз аксини топган.

Депутатлар музей ҳақида ижтимоий тармоқларга реклама роликларини жойлаштириш, музейга ташриф буюриш ва кўрсатиладиган хизматлар учун электрон чипталарни йўлга қўйиш, турли экспедициялар ташкил қилиш орқали ноёб осори-атиқалар, тарихий қимматга эга экспонатларни излаб топиш ҳамда музей фондини бойитиб бориш зарурлигини таъкидлашди.

Отабек Шарофов,
ЎзМТДП Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот котиби.