Марҳум Синдзо Абэ Япониянинг энг олий ордени билан тақдирланади

Бу ҳақда душанба кунги йиғилишда Япония ҳукумати қарор қилди. Киодо агентлиги хабарига кўра, Абэ занжирли Хризантема Олий ордени билан тақдирланади.

Японияда Олий орден билан камдан-кам ҳолларда, қоида тариқасида, император оила аъзолари, таниқли сиёсий арбоб ёки хорижий давлат раҳбарлари тақдирланади. 2019 йилда вафотидан кейин ушбу орден билан тақдирланган сўнгги япон сиёсатчиси собиқ бош вазир Ясухиро Накасонэ бўлган.

Маълумки, 8 июль куни Япониянинг Нара шаҳрида Синдзо Абэ майдонда чиқиш қилаётганида суиқасд уюштирилган. 41 ёшли Тэцуя Ямагами сиёсатчининг орқасидан, тахминан 10 метр масофадан икки марта ўқ узган. Абэ Нара тиббиёт университети касалхонасига етказилгач, беш соатдан кейин вафот этган. Сиёсатчи 67 ёшда эди.