Марказий Осиё ва Шимолий Ҳиндистон аҳолисининг келиб чиқиши масаласига самарқандлик олим иштирокида ойдинлик киритилди
Жаҳоннинг машҳур “Science” журналида «Жанубий ва Марказий Осиё аҳолисининг шаклланиши» номли илмий мақола чоп этилди. Ушбу мақолада Евроосиё минтақаси халқларининг келиб чиқиши билан боғлиқ сўнгги 10000 йиллик тарихга ойдинлик киритилган. Яъни тадқиқотда мазкур ҳудудларда олиб борилган антропологик изланишларда қўлга киритилган 524 та қадимги инсон қолдиқлари (скелетлари) антропогенетик таҳлил қилинган.
Бу тадқиқотда Ўзбекистоннинг 6 та археологик ёдгорлигидан топилган антропологик материаллар ҳам тақдим қилинган ва ДНК таҳлиллари олинган.
Ушбу илмий хулосалар сўнгги 200 йилдан бери ўз ечимини кутаётган Марказий Осиё ва Шимолий Ҳиндистон аҳолисининг келиб чиқиши муаммосига ойдинлик киритди. Яъни, тадқиқот натижаларига кўра, мазкур ҳудуд аҳолисининг шаклланишида Евроосиё даштлари аҳолиси асосий ўрин тутган. Генетик ДНК натижалари археолог ва антрополог олимлар билан ҳамкорликда ўрганилган илк тадқиқот самарасидир. Марказий Осиё ва Евроосиё бўйича тўпланган қадимий ДНК қолдиқлари Американинг Ҳарвард университети лабораториясида таҳлил қилинган.
Лойиҳада дунёнинг 80 дан ортиқ нуфузли илмий марказларидан 117 нафар олимлар иштирок этган. Унда ҳамюртимиз антрополог олим, тарих фанлари номзоди, Самарқанддаги Афросиёб музейи директори Самариддин Мустафоқулов ҳам қатнашди.
Эслатиб ўтамиз, “Science» - фанни ривожлантириш бўйича Америка ассоциациясининг илмий журнали ҳисобланади. У дунёнинг энг нуфузли нашрларидан бири бўлган ушбу журналнинг 130 минг обуначиси бор. Электрон нусхасини 1 миллион мухлис кузатиб боради. Журнал офиси Американинг Вашингтон ва Буюк Британиянинг Кембриж шаҳарларида жойлашган.
Раҳим ҚАЮМОВ,
СамДУ илмий-амалий музей-лабораторияси мудири.