Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

130 та археологик маданий мерос объектининг йўқолиб кетиш хавфи борлиги аниқланди

Заминимизнинг бой маданияти ва қадимий тарихи неча асрларки, дунё халқларининг юртимизга қизиқишини ошириб келмоқда. Айниқса, қадимий бино ва иншоотлар, археологик ёдгорликлар, муқаддас қадамжолар буюк аждодларимизнинг юксак ақл-фаросати, ноёб истеъдоди, бунёдкорлик салоҳиятини намоён этиши билан кишини ўзига оҳанрабодек тортади. Бу эса мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга ҳам катта туртки беради.

Шу боис нафақат халқимиз, балки бутун инсониятнинг моддий маданий мероси деб қараладиган обидаларни асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қолаверса, бу объектлар ЮНЕСКОнинг бутунжаҳон мероси сифатида рўйхатга олиниб, муҳофаза қилинади.

– Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан Самарқанд вилоятида 1607 та моддий маданий мерос объектлари рўйхатга олинган, – деди яқинда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессиясида моддий маданий мерос объектлари ва маданий бойликларни аниқлаш, ҳисобга олиш ва муҳофаза қилиш юзасидан олиб борилаётган ишлар юзасидан ахборот берган вилоят маданий мерос бошқармаси бошлиғи Ботир Шайматов. – Уларнинг 973 таси археология, 564 таси архитектура объектлари, 36 таси монументал санъат асарлари ва 34 таси диққатга сазовор жойлардир. Мавжуд объектларнинг 1011 таси республика аҳамиятидаги, 596 таси маҳаллий аҳамиятдаги моддий маданий мерос объектлари бўлиб, улардан 221 таси шахсий мулкдаги тураржой бинолари ҳисобланади. Вилоятдаги маданий мерос объектларининг 483 таси, яъни 30 фоизи Самарқанд шаҳрида жойлашган.

Маданий меросни давлат томонидан муҳофаза қилиш ва давлат назоратини ўрнатиш мақсадида 815 та объектда муҳофаза белгилари, 244 тасида йўл кўрсаткичлар ўрнатилган. Шу пайтгача вилоятдаги маданий мерос объектларининг 1537 тасида давлат кадастр ҳужжатлари шакллантирилди ва уларнинг ҳар бирига бир нафардан жамоатчи инспектор бириктирилди.

Бугунги кунда вилоятдаги туризм салоҳиятига эга моддий маданий мерос объектларига 13 та WI-FI ва QR-код, 50 та аудиогид ўрнатилди. Регистон мисолида Амир Темур мақбараси, Биби хоним, Мирзо Улуғбек, Шоҳизинда, Хўжа Дониёр мажмуаси ва «Афросиёб» музейида сайёҳлар ва киришини электрон ҳисобга олиш учун замонавий турникетлар ўрнатилмоқда.

Бошқарма бошлиғининг таъкидлашича, моддий маданий мерос объектларини аниқлаш, ҳисобга олиш, муҳофаза қилиш, тарғиб қилиш, давлат реестри, электрон каталоги, паспорти ва давлат кадастрини юритиш, қўриқланадиган теграларини белгилаш ҳамда соҳада доимий равишда давлат назоратини амалга ошириш мақсадида жойларга чиқилиб ўрганишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, 1607 та объект қайта тарихий-маданий экспертизадан ўтказиш учун Маданий мерос агентлигига тақдим этилди,

789 та объектнинг паспорти шакллантирилди. Археологик маданий мерос объектларининг 50 метрдан 100 метргача, архитектура объектларининг икки метр баландлик баробарида муҳофаза теграларини белгилаш ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, 130 та йўқолиб кетиш хавфи бўлган археологик маданий мерос объектининг рўйхати шакллантирилиб, Маданий мерос агентлигига тақдим этилди. Таъмирлаш ва ободонлаштиришга муҳтож бўлган 55 та моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларининг рўйхати шакллантирилиб, ҳар бир объект юзасидан нуқсон далолатномалари расмийлаштирилди.

Бундан ташқари, 176 та янги археологик маданий мерос объекти аниқланиб, уларни миллий рўйхатга киритиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигига тақдим этилди.

Туризм объектларининг муҳандислик-коммуникация тармоқларини яхшилаш, ободонлаштириш, маданий-кўнгилочар инфратузилмаларни ривожлантириш мақсадида ўтган йил 15 та маданий мерос объектида реставрация ва консервация ишлари амалга оширилди. Жорий йилда вилоятимизда 22 та объектда реставрация ва қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш белгиланган.

Бугунги кунда ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Самарқанд тарихий маркази 1123 гектар ва унинг муҳофаза зонаси 1369 гектарни ташкил этади. Ушбу ҳудудда ўзбошимчалик билан олиб борилаётган қурилишлар аниқланиб уларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилмоқда.

Ғ.ҲАСАНОВ.