Машҳур ихтирочининг сирли ўлими
Бугунги кунда «дизель» дейилганда ҳамма - темирйўлчилар, шофёрлар, денгизчилар жаҳонни забт этган двигателни тушунади. Бироқ тарихда шундай исм-шарифли ихтирочи – Рудольф Дизель бўлгани ҳеч кимнинг хаёлига келмайди.
Рудольф Дизель Парижда майда фабрикант оиласида туғилган. Отаси Бавариядан Францияга кўчиб келганди. У хонавайрон бўлгач, ўғли ўқишни давом эттириши учун уни Германияга қариндошлариникига юборишга мажбур бўлади.
Рудольф Мюнхен олий мактаби тарихида энг яхши битирувчи эди. У буғ ва совутгич қурилмалар ишлаб чиқарадиган заводда меҳнат қилди. Иқтидорли мутахассис кунлардан бирида музейда ғалати экспонат – сигарет тутатгич (зажигалка) ни кўриб қолганида 30 ёшда эди. Ярим аср муқаддам номаълум уста томонидан ясалган буюм поршенли йўғон шпирицни эслатарди. Ҳаво сиқилганда катта ҳарорат ҳосил бўлар ва чақмоқ тош чақишидан пилик лип этиб ёнарди. Дизелда ундан фойдаланиб, ички ёниш двигатели яратиш ғояси пайдо бўлди. 1898 йилда патент олди, бироқ ғояга даъвогарлар пайдо бўлди. Шу боис у ўз ихтиросини судда исботлашига тўғри келди.
Дизель қўллаб-қувватлашни сўраб, йирик тадбиркор Фридрих Крупп ва бошқа ишлаб чиқарувчиларга мурожат қилди. Улар билан шартномалар тузди, ихтирочи билан америкаликлар ҳам қизиқиб қолди. Дизель ҳақиқатан миллионерга айланди. Аммо уддабурон одамлар бу ихтиро орқали ундан ҳам кўп пул ишлашарди.
Шунга қарамай, немис фирмалари тош кўмир чанги билан, америкаликлар эса нефтни қайта ишлаш маҳсулотида ишлайдиган двигателлар билан қизиқди. Учинчи томон – Россия ҳам бор эди, бу мамлакат ўшанда жаҳондаги нефтнинг ярмини қазиб олаётган эди. Шунга кўра Дизелда Эммануел Нобел бошчилик қилаётган “Бранобель” жамияти орқали россиялик тадбиркорлар билан “аср битими” тузиш ғояси пайдо бўлди. 1898 йилда бу ҳақида келишиб олинди. Муваффақият қозонилса рақобатчилар бурнини тишлаб қолиши аниқ эди...
Бироқ Дизель бошига эътирозлар дўлдай ёғилди. Уни ғоя ўғирлашда айблашди, патентлари ва илгари тузилган барча шартномалари бекор қилинди. Рухсатсиз дизель ишлаб чиқаришга ўзини ҳақли деб ҳисоблаганлар кўпайиб кетди.
Дизелнинг асаби дош беролмади, бир неча марта касалхонага тушди. Оиласига таҳдид солаётган банкротликни тан олиш учун Дизелда куч қолмаганди. Охирги топган-тутганларини хотини ва болаларига бўлиб берган Рудольф Дизель 1913 йилда Антверпендан Ла-Манш бўйлаб Лондон сари сузиб бораётган “Дрезден” пароходида тўсатдан ғойиб бўлди. Унинг ҳалок бўлишида Америка нефть трестини ҳам, немис махфий хизматини ҳам айблашди, бироқ далил йўқ эди. Расмий тахминга кўра, у чуқур депрессия ҳолатида ўзини ўлдирган деб қўя қолинди.
Шундаймикан? У кимлар билан ишлаётган бўлса, унинг ўлими улар учун сув билан ҳаводек зарур эди. Негаки, ихтирочи ғоясидан фойдаланиб, двигателни истаган киши ишлаб чиқариши мумкин эди. Дизель ҳалок бўлди. Аммо кўп ўтмай номи жаҳон машҳур ихтирочилар қаторида улуғ немис сифатида тилга олинишини билмасдан кетди.
Тоғаймурод Шомуродов тайёрлади.