Масофавий таълим: Ўқитувчилар нега қийналди?

Ғайрат БОБОХОЛОВ,

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг Самарқанд вилоят ҳудудий бўлими бошлиғи:

- Масофадан ўқитиш таълим тизими учун янгилик эди. Юз фоиз қамраб ололмаган бўлсак-да таълим тизимига масофавий таълимнинг кириб келгани ютуғимиз бўлди. Аммо масофавий таълимга тўлиқ тайёр эмасдик. Шу сабабли айрим камчиликлар кўзга ташланди. Масалан, Самарқанд шаҳри, Ургут, Паст Дарғом ва Самарқанд туманларида 423 та тожик синфлар бўлиб, уларда 10103 нафар ўқувчи тожик тилида ўқитилади. Телевизорда ўтилган онлайн дарслар ўзбек тилида тайёрлангани сабабли улар онлайн дарслардан бебаҳра қолди. Ўқитувчилар тожик синфлар учун телеграм каналлари орқали дарс машғулотлари ўтди. Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги 59-сонли кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернат болаларига ҳам дарслар ўтилмади.

Бундан ташқари, телевизорсиз хонадонлар ҳам борлигини тан олишимиз керак. Уларнинг болалари онлайн дарсларни кузата олмади. Кўп болали оила фарзандларида ҳам онлайн дарсларни кузатишда муаммолар бўлди. Масалан, оилада уч нафар бола мактабга боради. Онлайн дарсларни биттаси кўрса, қолган иккитаси кўролмай қолди.

Қийинчиликларга қарамасдан масофавий таълим 80-90 фоиз ўқувчини банд қилди. Ўқитувчилар интернетдан самарали фойдаланишни ўрганди. Масофавий журналлар орқали ҳар бир ўқувчининг баҳоси фақат ўзига маълум қилиб борилди. Ота-оналар фарзандининг неча баҳо олаётганидан хабардор бўлди.

***

- Бизда пандемия даврида мактаб ўқитувчиларининг вақти кун бўйи масофадан дарс бериш билан ўтди. Эрталаб ўқувчиларга онлайн дарс мавзулари юзасидан топшириқ бераман, тушунмаганини телеграмдан тушунтираман, кечга эса бажарилган топшириқларни ҳар бир синфникини алоҳида кўриб чиқаман, баҳолайман, - деди ўқитувчи аёл. – Масофадан дарс ўтиш биз ўқитувчиларни шунчалик қийнаб юбордики, ҳатто куни билан интернетда ўтирганим учун кўзларим хиралашиб қолди. Майда ёзувларни ўқий олмай қолдим.

Масофадан дарс ўтиш мактаб ўқитувчиларини қийнагани рост. Шунинг учун ҳам улар исмини очиқлашни истамади.

 - Ургут тумани мактабларидан бирида дарс бераман, - деди яна бир ўқитувчи. – Бизда интернет тезлиги жуда паст, масофадан дарс ўтишнинг имкони йўқ, аммо катталар топшириқни бажарасан, дейди.

Мактаб ўқувчилари учун масофадан дарс ўтиш таълим сифатини пасайтиришини юқоридаги фикрлар тасдиқлаб турибди. Шунингдек, бу борада камчиликлар ҳам талайгина. Бироқ, талабалар учун масофавий таълим тизимининг механизмини ишлаб чиқиш лозим. Бу замон талаби. Бунда ўқитувчи ҳам, талаба ҳам вақтдан унумли фойдаланиши, талабага бир кунда қанча топшириқ берилиши, оралиқ ва якуний назоратларда қанчадан тест саволлари бўлиши ҳисобга олиниши керак.

Хуршида Эрназарова тайёрлади.