Маст йўловчи ЙПХ инспекторларига жароҳат етказди
2020 йил 20 январь куни соат 21:30 ларда Сирдарё вилояти, Сирдарё шаҳри ҳудуди бўйлаб йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаб, бодикамералар билан хизмат олиб бораётган Сирдарё тумани ИИБ ЙҲХБ ЙПХГ катта инспекторлари Э.Парманов, С.Файзиев ҳамда тумани ИИБ 2-сон маҳалла ИИБ ЙПХ ходими Ф.Алимбаевлар Сирдарё шаҳар Ўзбекистон шоҳ кўчасида мастлик ҳолатини аниқлаш бўйича рейд олиб бораётган вақтида Қашқадарё вилояти, Миришкор туманида яшовчи, 1988 йилда туғилган Ж.Ҳ. Янги Миришкор қишлоғида яшовчи, 1971 йилда туғилган Б.У.га тегишли бўлган “Нексия” русумли автомобилни ҳужжатларсиз бошқараётиб, ЙПХ инспекторининг тўхташ ишорасига бўйсунмасдан, ҳаракатни давом эттирган.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабарига кўра, шундан сўнг ЙПХ катта инспектори Э.Пармонов “Ласетти” русумли хизмат автомобилида, ЙПХ инспекторлари С.Файзиев ва Ф.Алимбаевлар билан биргаликда “Нексия” автомобилини кузатиб боришган. Улар тўхташ ишорасига бўйсунмасдан ҳаракатланган транспорт воситасини Сирдарё шаҳар Янги ҳаёт маҳалласидаги “Мега люкс” корхонаси ёнида тўхтатиб, ҳайдовчидан ҳужжатларни тақдим этишини сўрашган.
Ҳайдовчи Ж.Ҳ. бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари йўқлигини маълум қилган вақтида “Нексия” автомобили йўловчиси, Қашқадарё вилояти Миришкор туманида яшовчи, 1996 йилда туғилган Ж.П. йўловчи ўриндиғи томонидан тушиб келиб, тиззаси билан хизмат вазифасини бажараётган ЙПХ инспектори Э.Пармоновнинг қорин қисмига тепиб, кўкрак нишонини юлиб олган.
Шунингдек, ЙПХ инспектори, сержант С.Файзиев фуқаро Ж.П.ни тинчлантирмоқчи бўлган вақтида унга ҳам фаол қаршилик кўрсатиб, унинг ҳам кўкрак нишонини юлиб олиб, бармоғини қайириб синдирган. ЙПХ инспекторлари фуқаролар Ж.П. ва Ж.Ҳ.нинг шахсига аниқлик киритиш ва қонуний чора кўриш мақсадида Сирдарё тумани ИИБга олиб келишган вақтида фуқаро Ж.П. ўзининг ҳуқуқбузарлигини яна давом эттириб, сафдор Ф.Алимбоевнинг юз қисмига бир маротаба калласи билан уриб, тан жароҳати етказган.
Фуқаро Ж.П. алкотестер кўригидан ўтказилганда “алкоголь мастлик” ҳолатида эканлиги аниқланган.
Ҳозирда бодикамералар хотиралари текширилиб, Сирдарё тумани прокуратураси томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.