Масъуллар эътиборига: Қорасув кўчаларида пиёда юриб кўрганмисиз?

Тўрт маҳаллани ўз ичига олган янги шаҳарча - Қорасув массиви аҳолисини қийнаётган энг катта муаммо йўл масаласидир. Масалан, 80- ва 82-мактабга элтувчи айрим кўчаларда пиёдалар учун йўлаклар йўқ. Борлари ҳам яроқсиз. Одамлар эмин-эркин юролмайди.

Ички йўлларни қўя турайлик, шаҳарчанинг марказий кўчалари ҳам автомобиллар ҳаракатланиши учун ноқулай.

Массивда ҳуқуқбузарликлар ҳам содир этилганлиги учун айрим маҳаллалар “қизил тоифа”да. Шаҳарча аҳолиси кечки пайт дам олиш учун “Янги Ўзбекистон” боғига боради. Афсуски, боғда ўрнатилган чироқларнинг ҳеч бири ёритиш учун хизмат қилмаяпти. Қоронғу боғда, чироқсиз ва яроқсиз йўлларда ҳуқуқбузарлик содир этилмайди, деб ким кафолат бера олади?