Масъуллар ҳисоботи депутатлар таклифлари билан тўлдирилди

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг саксон тўртинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессия ишини Кенгаш котибияти мудири З.Каримов бошқарди.

Кун тартибига кўра, дастлаб вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари – жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи Х.Умаровнинг 2023 йил I чорак давомида вилоятда жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишлар юзасидан ҳисоботи эшитилди.

Таъкидланишича, 2023 йилнинг ўтган 1 чораги давомида вилоят ҳудудидаги 1126 та маҳалланинг  861 тасида жиноят содир этилмади. Барча соҳалар бўйича қайд қилинган жиноятлар сони 100 минг аҳолига нисбатан вилоят бўйича 43 тани ташкил этиб, республикада ижобийлиги жиҳатидан 5-ўринда қайд этилди. Вилоят ИИБнинг малакали раҳбар ва ходимларидан иборат “Амалий ёрдам кўрсатиш гуруҳлари” томонидан “қизил” тоифадаги маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш бўйича олиб борилган ишлар натижасида 44 мингта турли кўринишдаги ҳуқуқбузарликлар аниқланиб, уларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилди.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган 397 нафар (2022 йилнинг шу даврида 700 нафар) аёлларга “ҳимоя ордери” берилиб, зўравонлик содир этган шахслар устидан назорат ўрнатилди. Зўравонликка учраган хотин-қизларнинг 2 нафарини вояга етмаганлар, 139 нафарини 18-30 ёшлилар ташкил этган.

Вояга етмаганлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида ўтказилган тадбирлар давомида 1292 та ҳолат аниқланиб, масъул шахслар ва ота-оналарга маъмурий чоралар кўрилди.

Амалга оширилган ишлар натижасида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қотиллик жинояти 10 фоизга, номусга тегиш 25 фоизга, талончилик 30 фоизга, босқинчилик 66 фоизга, безорилик 5,6 фоизга, ўртача оғир тан жароҳати етказиш 27 фоизга, енгил тан жароҳати етказиш 5,2 фоизга, автоуловни олиб қочиш 67 фоизга, ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари 18,6 фоизга камайди.

Шунингдек, хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятлар 110 тадан 75 тага, вояга етмаганлар жинояти 21 тадан 20 тага, муқаддам судланганлар томонидан содир этилган жиноятлар 141 тадан 61 тага камайишига эришилди.

Бироқ вилоят ҳудудида умумий жиноятлар 16 фоизга (1530-1771), унча оғир бўлмаган жиноятлар 4 фоизга (432-450), оғир турдаги жиноятлар 45 фоизга (312-454) ошган.

Бундан ташқари, ўғирлик, фирибгарлик жиноятлари ҳам кўпайишига йўл қўйилган.

Ҳисобот масъуллар ва депутатлар томонидан атрофлича муҳокама қилиниб, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ҳар бир сектор ҳамда бошқа мутасадди давлат органлари раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш, бу борада жамоатчилик имкониятларидан кенг фойдаланиш, жойларда кузатув камералари ўрнатиш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Шундан сўнг, Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармасининг 2022 йилдаги фаолияти юзасидан бошқарма бошлиғи С.Жабборов ҳисобот берди.

Ҳисоботда келтирилишича, бошқарма ва туман, шаҳар бўлимлари томонидан ўтган йил 6,5 триллион сўмлик 541 минг 717 та ижро ҳужжати юзасидан амалга оширилган мажбурий ижро тадбирлари натижасида 4,6 триллион сўмлик 368 минг 971 та ижро ҳужжати юзасидан якуний қарорлар қабул қилинган. Улар бўйича амалда 2,4 триллион сўмдан ортиқ маблағ ундирилган.

2022 йил давомида ижтимоий дафтарларга 45,7 миллиард сўм маблағлар ўтказиб берилган.

Бошқарма бошлиғи тизимда кўрилаётган ижро ҳужжатлари сони кўплиги, алимент ундириш билан боғлиқ ижро ишларида қарздорликлар катталигига эътибор қаратди.

Жумладан, жорий йилнинг 1 январь ҳолатида алимент тўловларини ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари 35500 дан ортиқни ташкил қилган. Ўтган йил алимент тўловчи қарздорлардан 141,7 миллиард сўмдан ортиқ алимент пуллари ундириб берилган. Шу билан бирга алимент тўловларини тўлашдан мунтазам равишда бўйин товлаб келган 1100 нафар қарздорлар маъмурий, 139 нафари жиноий жавобгарликка тортилган.

Бугунги кунда бошқарма органлари иш юритувидаги алимент ва моддий таъминот ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари бўйича алимент тўловчи қарздорларнинг 30 минг 833 нафари (86 фоизи) ишсиз қарздорларни ташкил қилади. Оқибатда 98 миллиард сўмдан ортиқ алимент пулларини ундириш имкони бўлмаяпти. Ушбу масала юзасидан депутатлар ўз таклифларини билдириб, алимент тўлашдан бўйин товлаб келаётган шахсларга нисбатан чораларни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.

Сессия кун тартибига мувофиқ, вилоят ҳокимлиги болаларни ҳимоя қилиш масалалари котибияти мудири Ш.Қувватовнинг комиссиянинг жорий йил биринчи чоракдаги фаолияти юзасидан ахбороти эшитилди.

Маълумотларга кўра, 2023 йилнинг 1 январь ҳолатида вилоятда 1 миллион 519 минг нафар болалар (786 338 нафари ўғил болалар, 738 811 нафари қиз болалар) мавжуд. Уларнинг 4088 нафари васийлик ва ҳомийликда, 78 нафари Ўзбекистон “SOS болалар маҳаллалари” уюшмаси Самарқанд филиалида, 51 нафари 9 та оилавий меҳрибонлик уйларида, 46 нафари вилоят болалар уйида, 41 нафари 28 та патронат оилада тарбияланмоқда.

Бугунги кунда вилоятда 627 нафар бола “Меҳр дафтари” платформасига киритилиб, уларга зарур ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Жумладан, 576 нафар боланинг орзу-истаклари ўрганилиб, уларга 224 та ноутбук, 42 та планшет, 47 дона телефон, 22 жамланма спорт анжомлари, 52 та велосипед, 96 та мебель жиҳозлари, 73 та тикув машинаси олиб берилди. 2 нафар боланинг соғлигини тиклаш учун 18 миллион сўм маблағ йўналтирилди.

Ўтган йил вилоятдаги етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган 36 нафар бола уй-жой билан таъминланди.  Бу йил эса 48 нафар болани уй-жой билан таъминлаш кўзда тутилган.

Жорий йилнинг биринчи уч ойлиги мобайнида вилоятда 98 нафар бола ота-оналарининг нотариал розилиги ва суднинг қарорига асосан қариндошларига, 5 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола эса фарзанд асраб олиш истагида бўлган оилаларга фарзандликка берилган.

Бундан ташқари, ишлаш учун чет давлатга кетган ота-оналарнинг 580 нафар фарзандлари ҳамда 51 нафар ота-она қармоғидан маҳрум бўлган болаларга васийлик ва ҳомийлик тайинланган.

Ш.Қувватов болалар манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан бир қатор таклифларни билдирди ва бу таклифлар депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Сессияда вилоят ҳокими ўринбосарларининг 2023 йил I чорак фаолияти самарадорлиги натижалари ҳамда 2023 йил II, III ва IV чораклар учун фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг асосий мезонларини тасдиқлаш тўғрисидаги, вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги, жамоат эҳтиёжлари учун ер участкасини олиб қўйиш бўйича тақдимот материалларини кўриб чиқиш ва мулкдорлар билан очиқ муҳокама ўтказишга рухсат бериш тўғрисидаги, кичик ва ёшлар саноат зонаси ҳудудларини ўзгартириш тўғрисидаги масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Муҳокама этилган масалалар юзасидан Кенгашнинг қарорлари қабул қилинди.