“Масхарабоз” ролини бажаришга ҳавас қилмайлик
Кейинги пайтларда кўплаб ёшлар томонидан туғилган кунини аянчли тарзда нишонлаш, турли ноз-неъматларни исроф қилиш, натижада эса табиатга, ён атрофдагиларга моддий ва маънавий зарар етказиш ҳолатлари кузатиляпти.
Бизнингча, бунга тўртта сабабни мисол қилиб кўрсатиш мумкин.
Биринчидан, пулини нимага сарфлашни билмаслик, яъни ота топган пул (балким пора олиб) ни фарзанди нимага сарфлашни билмайди ва ортиқча ишларга қўл уради. Бошқа нима ҳам қилсин, халқ “Осон келган, осон кетади!”, деб бежиз айтмайди.
Иккинчидан, ёшлар вақтини кўча ёки тунги клубларда кайфу сафо билан ўтказишдир. Ваҳоланки, ҳар қандай ёшларни бекор қолдириш ортида юзлаб муаммо ва кўнгилсизликлар келиб чиқишини яхши биламиз.
Учинчидан, менимча, бу энг асосий сабаблардан бири, яъни йигит-қизларда маънавиятнинг, диний ҳамда дунёвий билимнинг етишмаслигида. Маънавиятли одам бу каби номақул ишларни қилмайди. Бу ҳақда ҳатто, муборак Ислом динимизда ҳам айтилган.
Тўртинчидан бу каби ҳолатларни келиб чиқишида асосий сабаблардан бири бепарволикдир! Яъни шу хатти-ҳаракатларни кўриб турган одамлар ҳам жим тураверади.
Таъкидлаш жоизки, Ислом дини исрофгарчиликдан қайтарар экан, биз бунга амал қилишимиз керак. Қолаверса, мол-дунёни исроф қилишга, маданиятимизга, маънавиятимизга зид бўлган ҳар хил ишларни қилиб, жамиятда “масхарабоз” ролини бажаришга ҳавас қилмайлик.
Ғофуржон Бобобеков.