"Махлуқ-ракета": Шимолий Корея чоршанба куни ядровий бомбани синовдан ўтказиши мумкинлиги айтилмоқда
Ким Чен Инга бу нима учун керак ва АҚШ бунга қандай жавоб беради?
Жанубий Кореянинг Икки Кореяни бирлаштириш бўйича вазири Квон Ен Се КХДР ва Корея Республикаси ўртасида уруш (1950-1953) тугаган сана — 27 июлда шимолликлар ядро синови ўтказиши мумкинлигини истисно этмаяпти. “Менимча, бундай эҳтимол бор”, дея вазирнинг сўзларини келтиради "Ренхап" агентлиги.
Жанубий Корея ва АҚШ разведка ҳамжамиятлари маълумотларига кўра, айни дамда КХДР Пунгери полигонида навбатдаги ер ости ядровий синовига барча тайёргарликни якунлаган.
Жаҳон ҳамжамиятининг бутун диққат-эътибори сайёрамизнинг бошқа бир қисмида, Украинадаги жангларга қаратилган бир пайтда, Шимолий Корея ўзининг ядровий ракета дастурини янги куч билан ривожлантиришга киришди. Йил бошидан буён КХДР ўнлаб ракеталарни синовдан ўтказди ва ядро полигонини тиклай бошлади. Вашингтон ва Сеул хавотирда: Пхеньян исталган вақтда еттинчи ва 2017 йилдан бери биринчи ядро синовини ўтказиши мумкин.
Янги санкциялар таҳдиди шимолий кореяликларни тўхтата оладими? КХДР етакчиси Ким Чен Ин ўз бомбалари билан дунёга нимани исботлашга уриняпти?
Янги рекордлар:
«2022 йилнинг биринчи олти ойида КХДР 31 ракета учирган»
8 июнь куни АҚШнинг Шимолий Корея бўйича махсус вакили Сунг Ким жамоатчиликка ўта нохуш прогнозлар билан ўртоқлашди: афтидан, Пхеньян ядро қуролини синовдан ўтказишга тайёргарликни якунлаган – бу ҳар қандай вақтда содир бўлиши мумкин. Сеул унинг гумонларига қўшилди. Жанубий Корея ташқи ишлар вазири Пак Жиннинг сўзларига кўра, КХДРнинг навбатдаги ядро синовидан фақат унинг етакчиси Ким Чен Иннинг сиёсий қарори ажратиб турибди. 5 июнь куни Шимолий Корея Япон денгизига бирданига саккизта қисқа масофали ракета учириб, рекордни янгилади ва АҚШ, Жанубий Корея ва Япония «юраги»га ғулғула солди. Жорий йил давомида Шимолий Корея ҳарбийлари 2019 йилга нисбатан кўпроқ ракета учирди.
Шимолий Корея ядро қуролини охирги марта 2017 йилда АҚШ билан кескинлик чўққисида синовдан ўтказган эди. Ўшанда вазият шу қадар кескинлашдики, журналист ва кузатувчилар икки давлат ўртасида бўлажак ҳарбий можаро ҳақида гапира бошлашди. Ўша пайтдаги АҚШ президенти Дональд Трамп Шимолий Кореянинг тез-тез ракета синовлари ўтказаётганини масхара қилиб, Ким Чен Инни “ракета одам” деб атади, Шимолий Кореянинг ёш етакчиси эса “ўзини йўқотган чол”га Тинч океанидаги Гуам оролида жойлашган Америка ҳарбий базасига зарба бериш билан таҳдид қилди.
Бироқ, 2018 йилда икки «ғалати лидер» мулоқотга киришишга қарор қилиб, апрель ойида Сингапур тарихда биринчи марта Шимолий Корея-АҚШ саммитига мезбонлик қилди. Учрашув муваффақиятли ўтди: Шимолий Корея раҳбари ихтиёрий равишда ядро синовлари ва қитъалараро баллистик ракеталарни (ҚБР) учиришдан воз кечди. Орадан бир йил ўтиб, 2019 йилнинг февралида Ким ва Трамп иккинчи марта учрашди, бироқ музокаралар натижа бермади ва етакчилар керакли келишувга эришмасдан тарқалишди.
Америка президенти Шимолий кореялик дўстини кўнглини кўтаришга уринди. Муваффақиятсиз саммитдан бир неча ой ўтиб Трамп ўз-ўзидан икки Корея чегарасига йўл олди: демаркация (белгилар бўйича чегараларни белгилаш) чизиғидан ўтиб, бир неча дақиқага бўлса-да, у КХДРга расман ташриф буюрган биринчи Америка президентига айланди.
Ким Трампнинг рамзий ишорасини юқори баҳолади ва музокаралар жараёнидан норози бўлишига қарамай, гарчи ўша пайтда рекорд даражада 25 та ракета учирган бўлса-да, ядровий қурол ва ҚБР синовларига мораторийни кузатишда давом этди. Коронавирус пандемияси Вашингтон ва Пхеньянни шусиз ҳам боши берк кўчага кириб қолган музокараларни тўхтатди ва Жо Байденнинг ҳукумат тепасига кўтарилиши Трамп эришган барча ютуқларни йўққа чиқарди.
Оқ уйнинг янги эгасининг “ядровий қуролдан воз кечинг ёки ҳеч қанақа музокаралар бўлмайди” деган ультиматум риторикаси Шимолий Кореяни илҳомлантирмади. Пандемия Шимолий Корея иқтисодиётига ҳам жиддий зарба берди. Халқаро санкциялар туфайли мамлакат аллақачон ташқи дунёдан изоляция қилинган, қаттиқ карантин чоралари эса КХДРнинг энг йирик ҳамкори – Хитой билан савдо-сотиқни деярли йўққа чиқарди.
Бироқ, бу Кимга ўз арсеналини янада оширишга тўсқинлик қилмади. 2020 йилги ҳарбий парадда у биринчи марта оғирлиги 80-110 тонна ва диаметри 2,5 метр бўлган “Хвасон-17” қитъалараро баллистик ракетасини дунёга намойиш этди – унинг баҳайбат ўлчамлари мутахассисларни ҳайратда қолдирди. Мутахассислар таъкидлаганидек, “монстр-ракета” 2022 йилнинг март ойида муваффақиятли синовдан ўтказилди ва шу тариқа Ким томонидан қўйилган мораторийни бузди. Шундай қилиб, КХДР арсеналида АҚШ ҳудудининг исталган нуқтасига зарба бера оладиган ракета пайдо бўлди.
Бунгача эса ўша йилнинг январь ойида Пхеньян гипертовушли ракетани синовдан ўтказган эди. Бундай снарядни кузатиб бориш ва тутиш қийин, бу эса, мутахассисларнинг фикрича, жанубликлар учун жиддий хавф туғдиради: аслида улар фақат превентив (олдини олувчи) зарба бериши мумкин. Шимолий Кореянинг артиллерия машғулотлари ҳам бундан кам ташвиш уйғотмайди: Сеул икки давлат чегарасидаги қуролсизлантирилган ҳудуддан атиги 50 километр узоқликда жойлашган. Май ойида эса Ким Чен Ин, агар керак бўлса, КХДР ўз душманларига қарши “превентив” ядровий зарба беришга тайёрлиги ҳақида огоҳлантирди.
Салом, қурол
Шимолий Корея 2018 йилда қисман вайрон қилинган Пунгери ядровий полигонида 2022 йил баҳоридан фаол тайёргарлик бошлади. Ўшанда КХДР мораторийга содиқлигини исботи сифатида ерости синовларида фойдаланилган шахталарга кириш йўлларини портлатиб юборган эди.
Бироқ, Шимолий Корея расмийлари буни аниқ тасдиқлай оладиган халқаро инспекторларни таклиф қилмагани учун КХДР фақат конларга кириш йўлларини тўсиб қўйган, бироқ полигоннинг ер ости иншоотини дахлсиз қолдирган, деган гумон уйғотди. Қандай бўлмасин, 2022 йилнинг баҳорида шимолий кореяликлар объектда иш бошлашди. Сунъий йўлдошдан олинган сўнгги суратлар 3-4 сонли туннеллар тиклаш бўйича ишлар бошланганини кўрсатди.
Бироқ ядровий синов америкаликлар айтганидек, ҳақиқатан ҳам ҳар қандай кунда рўй бериши мумкин эмас. Ваҳоланки, Шимолий Корея ҳеч қандай баёнот бермади, қолаверса, туннелни қайта кўмиб ташлаш учун вақт керак. “Шунинг учун, шимолликлар ҳозирча шундай қилишга фақат шама қилишмоқда”, — деди Корея тадқиқотлари марказининг етакчи илмий ходими Константин Асмолов.
Унинг сўзларига кўра, аксарият фикрдан фарқли ўлароқ, Шимолий Корея камдан-кам ҳолларда бундай қадамни биринчи қўяди, синовлар эса унинг жанубий қўшнилари ва АҚШнинг «провокацион ҳаракатлари»га жавобдир. Масалан, июнь ойининг бошида USS Ronald Reagan ядровий самолёт ташувчиси билан қўшма машғулотларни олайлик. Улар минтақавий вазиятни беқарорлаштиришга Шимолий Корея ракеталаридан кам ҳисса қўшмади, деб ҳисоблайди эксперт.
Бу сафар Шимолий Корея тактик ядро қуролига ўрнатилиши мумкин бўлган жанговар каллакни синовдан ўтказиши мумкинлигини тахмин қилмоқда Қўшма Штатлар. Асмоловнинг сўзларига кўра, Шимолий Кореянинг Пунгери полигонини қайта тиклашга киришишининг сабабларидан бири ядровий бомбанинг янги модификациясини синаб кўриш истаги бўлиши мумкин.
Ва ниҳоят, Пхеньяннинг хатти-ҳаракати АҚШнинг ҳар бир янги президенти билан ўзаро муносабатлари парадигмасига мос келади. Байден ҳали лавозимига киришмасданоқ Кимни “безори” деб атаган ва Трампни Шимолий Корея етакчиси билан учрашгани учун танқид қилган. Қолаверса, дастлаб Байденнинг ўтмишдошлари ҳам КХДРга нисбатан худди шундай қаттиққўллик кўрсатишган. Билл Клинтон президентлигининг бошида Шимолий Корея билан уруш ҳақида жиддий ўйлаган, бироқ кейинчалик у билан ядровий битим тузиб, давлат котиби Мадлен Олбрайт Пхеньянга ташриф буюрган ва КХДРнинг амалдаги раҳбарининг отаси Ким Чен Ир билан учрашган эди.
Оқ уйга келган Жорж Буш ҳам Шимолий Кореяга нисбатан қаттиққўллиги билан ажралиб турди, уни “ёвузлик ўқи”нинг бир қисми деб билди. Аммо айнан унинг даврида КХДР билан олти томонлама музокаралар бошланди (уларда АҚШ, Россия, Хитой, Жанубий Корея ва Япония ҳам иштирок этди) ва Буш президентлигининг охирига келиб, сезиларли муваффақиятларга эришилди.
Санкциялар дипломатияси
Ҳозирча Вашингтон музокаралар қобилиятини намойиш этмади. АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Шимолий Корея ўз йўлидан қайтмагунча унга босим ўтказишга ваъда берди. Унинг жанубий кореялик ҳамкасби Пак Жин, ўз навбатида, ядровий синов ўтказилса, Пхеньянни ундан ҳам қаттиқроқ санкциялар ва изоляция кутаётгани ҳақида огоҳлантирди.
Лекин аслида ҳамма нарса Вашингтон кутганидан бироз мураккаброқ бўлиб чиқиши мумкин. 26 май куни БМТ Хавфсизлик кенгашининг КХДРга қарши санкцияларни кучайтириш бўйича АҚШ тайёрлаган резолюция лойиҳасини Россия ва Хитой блоклади. Бунгача Москва ва Пекин Вашингтон билан маълум масалаларда баҳслашса-да, "янги синовлар - янги санкциялар" формуласини шубҳа остига қўймаганди. Энди эса ҳаммаси ўзгарди.
КХДРда янги ядро синови ўтказилган тақдирда Россия ва Хитой ўзини қандай тутиши кўп жиҳатдан АҚШ билан муносабатлари қанчалик кескин бўлишига боғлиқ. Бир томонлама тартибда, Қўшма Штатлар ҳам арзигулик таклифларга эга эмас: экспертлар 16 йил давомида киритган санкциялар ҳажмини "беш дақиқалик блокада" деб ҳисоблашади. “Хитой эса, КХДР билан қуруқликдаги чегара унинг назорати остида бўлгани учун ҳам, тўлиқ блокада жорий этилишига йўл қўймайди”, дея хулоса қилади экспертлар.
Қўшма Штатлар ва Жанубий Корея ҳарбий қаршилик қандай бўлишини 5 июнь куни намойиш этишди: КХДР Япон денгизига саккизта ракета учирганида, Вашингтон ва Сеул бунга жавобан қирғоқ сувларига саккизта ракета учирди. Жанубий Корея Бош штабининг хабар беришича, агар Шимолий Корея кутилмаганда провокацияга тушиб, бир неча жойдан ракета учиришга қарор қилса, иттифоқчилар дарҳол аниқ зарба билан жавоб қайтаришга тайёрдир.
Ягона умид – Америка Давлат котиби ва унинг жанубий кореялик ҳамкасби нутқидаги таҳдидлар орасида уларнинг музокара столига "ҳеч қандай шартларсиз" ўтиришга тайёр эканликлари ҳақида сўз боргани. Аммо Байденнинг кескин ультиматумини ҳисобга олсак, бунга ишониш қийин. Қолаверса, Шимолий Корея унинг маъмурияти кун тартибида биринчилар ўрнида эмас. Асосий масала — Украина, 40 йиллик юқори инфляция, газ нархи ошиши ва Конгрессга оралиқ сайловлар бўйича нохуш преспектива турибди. Афтидан, вазият “Осиё кутиб турса ҳам бўлади” қабилида турибди.
Гулнора Холдорова тайёрлади.