Майда безорилик нима? Бу ҳуқуқбузарлик учун қандай жазолар кўзда тутилган?
Статистик маълумотларга кўра, судлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўришда энг кўп қайд этилаётган ҳолатлардан бири жамоат тартибига тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликлардир.
Бундай ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликнинг белгиланганлиги Ўзбекистон Республикасининг қонун ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари асосида ўрнатилган ёки ахлоқ меъёрлари билан тартибга солинган жамиятдаги юриш-туриш қоидалари ва уларнинг бузилишига қаратилган муносабатларни маъмурий ва жиноий тажовузлардан ҳимоя қилади.
Майда безорилик, яъни жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниш, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи каби бошқа хатти-ҳаракатларда намоён бўлади. Бу ҳуқуқбузарлик базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Майда безорилик - жамоат тартибига қасд қилиш демак. Жамоат тартиби – жамоат жойларида ҳуқуқ нормаларини сақлашга асосланган муносабатлар бўлиб, айбдорнинг хатти-ҳаракати, жамиятнинг, теварак атрофдаги фуқароларнинг манфаатларини ошкора менсимасликдан, маданий савиясининг пастлигидан, ахлоқ-одобнинг мавжуд қоидаларини назар-писанд қилмасликдан далолат беради.
Жамоат тартиби фақатгина ҳуқуқий томондан эмас, балки бошқа ижтимоий, яъни ахлоқ урф-одат, жамоат ташкилотларининг меъёрлари билан ҳам мустаҳкамланади. Бунда ҳуқуқий жиҳат асосий роль ўйнайди, чунки тартибни бузганлик учун юридик жавобгарликни, жазонинг тури ва даражасини шулар белгилайди.
Майда безорилик қасддан ва кўпинча ошкора амалга оширилиши билан ҳам тавсифланади. Айбдор қонунга қарши хатти-ҳаракат қилаётганини тушунади ва шунинг натижасида жамоат тартиби ҳамда фуқаролар осойишталигининг бузилишига йўл қўяди. Майда безорилик гоҳида эгри ниятни кўзлаб амалга оширилади. Ҳуқуқбузарлик содир этиш вақти 16 ёшга тўлган шахс майда безориликнинг субъекти бўлади.
Қонун ҳужжатларида маъмурий-жиноий жавобгарлик хусусида сўз борганда “жамоат жойи” атамаси жуда кўп учрайди. Баъзи ҳолларда кишининг ўз хатти-ҳаракатлари учун жавобгарликка тортилиш-тортилмаслигини англаб етиши мушкул бўлади. Бизнингча, жамоат жойи деганда барча фуқароларнинг тўсиқсиз киришлари, у ерда бўлишлари учун очиқ бўлган ёхуд фуқароларнинг турли эҳтиёжларини қондириш учун мўлжалланган жойдаги ҳудудлар, хоналар, иншоотлар, уларнинг қисмлари, шунингдек аҳолига хизмат кўрсатувчи транспорт коммуникациялари тушунилади.
Таҳлилий натижаларга кўра, биргина жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида 2023 йил давомида 16078 шахсга нисбатан 18406 та маъмурий иш (шундан, 2638 нафар эркак, 2201 нафар аёл), шунингдек, 2024 йил 10 ойи давомида 14998 шахсга нисбатан, 13295 та маъмурий иш (шундан, 1945 нафар эркак, 1741 нафар аёл) кўрилган.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, жамоат тартибига тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан ҳамкорликда профилактик тадбирларнинг самарали олиб борилиши айнан шу тоифадаги ҳуқуқбузарликларнинг камайишига хизмат қилади.
Илҳом Қорабоев,
Самарқанд вилояти судининг судьяси.